Хонанда Абдужалил Қўқонов Сух тумани меҳмони
2020-03-10 17:27:58 159
Хонанда Абдужалил Қўқонов Сух тумани меҳмони
“Оламда аёл мадҳига достон тугамайди”. Дарҳақиқат, аёлларни, мўътабар онажонларимзни, мўнис опа-сингилларимизни қанча таърифласак, шунча оз. Аёл борки, олам мунаввар. Инсоният пайдо бўлибдики, она деган улуғ зот ҳамиша эъзозда, ҳамиша ардоқда.
8-март халқаро хотин-қизлар байрамини юқори кайфиятда ва кўтаринкилик билан қайд этиш мақсадида Сух туманида арзирли ишлар амалга оширилди. Туманнинг барча ҳудудларида байрамга бағишлаб турли хил тадбирлар ўтказилди. Туман маданият марказида ташкил этилган концерт дастури эса, Сухлик аёлларга энг катта байрам тўҳфаси бўлди десак, муболаға эмас. Чунки ушбу мўҳташам даргоҳда туман ҳокимлиги ташаббуси билан вилоятимизнинг таниқли санъаткори, хушовоз хонанда Абдужалил Қўқоновнинг концерт дастури уюштирилди. Концерт дастурида Иззатбек Қўқонов ва хонанда Муқаддас Жўраева меҳмон сифатида иштирок этишди. “Аёл муқаддас” деб номланган концерт дастури барчага бирдек кўтаринкилик ва яхши кайфият бахш этди.
Концерт залида она-Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар, шўх яллалар тадбирга ташриф буюрган иштирокчиларни рақс этишга ундади. Кўнгилларни ром этадиган кўй-қўшиқлар билан бошланган концерт дастури ҳақиқий байрам базмига айланиб кетди.
“Сух мен учун бегона эмас. Бошқача қилиб айтганда – Мен Сухликларни нағз мебинам. Илойим юртимиздаги тинчлик-тотувлик абадий бўлсин. Сухлик онажонларимиз, опа-сингилларимиз бахтига кўз тегмасин. Байрам баҳона дийдор кўришиш бизга насиб қилган экан, энг эзгу тилак ва ниятларимизни Сух аҳлига тилаб қоламан” – деди биз билан сўҳбатда Абдужалил Қўқонов.
Концертдан сўнг вилоятимиздан келган санъаткорлар туманнинг “Шоҳжаҳон” мажмўасига ташриф буюришди. Ушбу мўҳташам саройда ташкил этилган байрам базмидан туман МТТ да фаолият олиб бораётган опа-сингилларимиз баҳраманд бўлишди.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати