ШАҲАРЛАРАРО ЭЛЕКТРОПОЕЗДИНИНГ ЯНГИ ЖАДВАЛ АСОСИДА ҚАТНОВИ БОШЛАНДИ
2020-03-05 16:44:00 147
ШАҲАРЛАРАРО ЭЛЕКТРОПОЕЗДИНИНГ ЯНГИ ЖАДВАЛ АСОСИДА ҚАТНОВИ БОШЛАНДИ
Бугун Қўқон темир йўл вокзалидан “Қўқон - Андижон - Қўқон” йўналишида янгиланган, замон талаблари асосида жиҳозланган электричка янги жадвал асосида қатновини бошлади. Эндиликда “Қўқон-Марғилон-Андижон” йўналиши бўйича ҳар куни иккитадан электропоезд йўловчиларга хизмат қилади.
Аҳолига транспорт хизматида қулайлик яратиш муҳим вазифалардандир. Капитал реконструкция ишларидан сўнг Андижон ва Фарғона вилояти аҳолиси учун мазкур электропоезд қатновини бошлади. Замонавий электропоездда йўловчилар учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Ўриндиқлар юмшоқ, қишда иссиқ, ёзда салқин ҳарорат таъминланади. Монитор ўрнатилган бўлиб, йўловчилар манзилга етгунга қадар концерт дастурларини томоша қилиб, янгиликлардан ҳам хабардор бўлиб кетишади.
Эрталабки соат 06:22 да Қўқон вокзалидан чиққан поезд соат 9:03 да Андижон вокзалига етиб келади. Масофанинг умумий узунлиги 136 километрни ташкил этиб, электропоезд бу йўлни 2 соат-у 45 дақиқада босиб ўтади. Шунингдек, тушдан сўнг 14:50 да иккинчи поезд йўлга тушади.
Поезд ўз йўлида 9 та бекатда тўхтаб ўтади. Муҳими чипталар ҳамёнбоп - Олтиариққа қадар 3000 сўм, Қува ва Марғилонгача 5000 сўм, Қўқондан Андижонга эса 7000 сўмни ташкил этади.