Самарқанд шаҳрида II Марказий Осиё судьялар мулоқоти бӯлиб ӯтади
2020-03-05 16:11:08 193
Самарқанд шаҳрида II Марказий Осиё судьялар мулоқоти бӯлиб ӯтади
Самарқанд шаҳрида ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир билан ҳамкорликда иккинчи маротаба ташкиллаштирилаётган халқаро даражадаги икки кунлик тадбирда ЕХҲТ минтақаси ва Марказий Осиё давлатларидан 40 дан зиёд юқори малакали эксперт-мутахассислар, юрист-ҳуқуқшунослар, судьялар иштирок этади.
Халқаро анжуманда ОАВ ва сўз эркинлигини таъминлашда миллий суд тизимларининг ўрни бўйича мавзулар муҳокама қилинади. Ушбу тадбир дунё миқёсидаги янги тенденциялар, сўз эркинлиги ҳамда оммавий ахборот воситаларининг чеклов ва тўсиқларсиз фаолият юритиши билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун, шунингдек, бу борада юзага келадиган муаммоларни ҳал этиш бўйича фикр ва тажриба алмашиш учун платформа бўлиши кўзда тутилган.
Маълумки, айрим ҳолларда суд ҳокимияти миллий хавфсизлик, терроризмга қарши курашиш ва жамоатчиликни ҳимоя қилиш фикрларидан келиб чиқиб, сўз эркинлигини чеклашга ён босишга мажбур бўладилар. Шундан келиб чиқиб, “II Марказий Осиё судьялар мулоқоти” доирасида сўз ва ОАВ эркинлиги борасида халқаро стандартлар муҳокама қилинади, шунингдек, миллий хавфсизлик, адоват, таҳқирлаш, диффамация, яъни туҳмат масалалари ҳам кенг қамровда кўриб чиқилади.
Халқаро анжуманни ЕХҲТнинг ОАВ эркинилиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир ва Миллий масс-медиани ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамоатчилик фонди Васийлик кенгашининг раиси Комил Алламжонов очиб бериши режалаштирилган.
Мулоқотнинг биринчи кунида учта асосий сессия бўйича нутқлар тингланади ва фикр алмашилади. Жумладан, хавфсизлик масалалари, жамоатчилик манфаати ва сўз эркинлиги; Марказий Осиёда миллатлараро ва диний адоватни қўзғатишга қарши ҳуқуқий чоралар; Марказий Осиё ва ЕХҲТ ҳудудида диффамация бўйича низом тўғрисида баҳс-мунозаралар бўлиб ўтади.
Тадбирда, шунингдек, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева, Олий суд раиси ўринбосари Бахтиёр Исаков, чет эллик мутахассислар сўзга чиқишади.
Мулоқотнинг иккинчи кунида Марказий Осиё минтақасида прецедент қарорлар тақдимоти ўтказилади. Унда адоват келтириб чиқаришга оид суд ишлари, шунингдек, интернет ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги туҳмат ва ҳақорат масалалари муҳокама қилинади.