Маҳаллий Кенгашларни намунавий Кенгашларга айлантирамиз
2020-02-15 17:24:10 155
Маҳаллий Кенгашларни намунавий Кенгашларга айлантирамиз
Ҳаммамизга маълумки, 2019 йилнинг 22 декабрь куни Республикамизда Ўзбекистон Республикаси Олий мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди. Сайлов якунлари бўйича Халқ депутатлари Сух туман Кенгашига 27 нафар депутат сайланди. Уларнинг 6 нафари ЎзЛиДеП, 4 нафари “Миллий тикланиш” демократик партияси, 8 нафари “Адолат” СДП, 7 нафари ХДП ва 2 нафари Экологик партияси томонидан кўрсатилган номзодлардан сайландилар. Галдаги вазифа янги сайланган депутатларнинг малакасини оширишдан иборатдир.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатида белгилаб берилган аниқ вазифаларни тўлиқ ижросини таъминлаш мақсадида жойларда янги сайланган депутатларнинг малакасини оширишга қаратилган ўқув-семинарлар бўлиб ўтмоқда. Бугун Сух тумани ҳокимлигининг мажлислар залида ташкил этилган ўқув-семинарда сиёсий партиялар томонидан сайланган маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия ходимлари, қуйи бўғин фаоллари иштирок этишди.
Семинарда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаати ҳамда ундан келиб чиқиб тайёрланган сиёсий партияларнинг чора-тадбирлар режаси, узоқ муддатга мўлжалланган “Йўл харитаси”даги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди ва амалга ошириш механизмлари иштирокчиларга тушунтирилди. Семинарда O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари Нафисахон Элчиева, партиянинг вилоят Кенгаши бўлим мудири Аброр Отабоевлар Мурожаатномада белгиланган устувор вазифалар янги парламент ва жойлардаги маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар олдида катта масъулият юклаши, халқ билан бирга бўлиш, уларнинг муаммоларини ўзининг муаммоси деб қабул қилиши, бу йўлда депутатлар бор кучи, билими ва меҳнатини тўлиқ сафарбар этиши лозимлигини таъкидладилар.
Шунингдек, семинарда нафақат маърўза, балки мультимедиа орқали ҳам иштирокчиларга депутатлик фаолияти тўғрисида маълумотлар берилди. Жумладан, “Депутатнинг ҳуқуқлари”, “Депутатнинг мажбуриятлари”, “Депутатнинг сайловчилар билан, уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партиялар билан олиб борадиган ишлари”, депутатлик фаолиятига боғлиқ бўлган “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-жиноий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси”нинг 193-моддасида кўрсатилган “Депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатларини бузиш”, “Депутатлик ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини муҳофаза қилиш”, “Депутатнинг дахлсизлик ҳуқуқи”, “Депутатнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатилишига сабаб бўладиган омиллар”, “Депутатнинг дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тартиби”, “Депутатларнинг депутатлик гуруҳидаги фаолиятлари”, “Партия гуруҳларининг ҳуқуқлари”, “Депутатликнинг назорат-таҳлил фаолиятини ташкил қилиш”, “Депутатлик сўрови” каби мавзўларда ҳам тушунтиришлар берилди.
Айтиш мумкин, ташкил этилган тадбирдан асосий мақсад энг аввало, янги сайланган депутатларнинг сиёсий саводхонлигини ошириш, Президентимизнинг Парламентга йўлланган мурожаатидан келиб чиқадиган вазифа ва депутатлар олдига қўйилган топшириқларни сидқидилдан бажариш, халқ билан доимий мулоқотни йўлга қўйган ҳолда уларнинг олдида кўндаланг бўлиб турган муаммо ва камчлиикларни ечилишида ҳисса қўшишга йўналтириш ва албатта, ҳақиқий халқ вакили деган унвонга муносиб бўлишларини етказишдан иборатдир. Шунингдек, ташкил этилган тадбирда энг аввало, жамиятда депутатлик мақомини мустаҳкамлаш билан бирга самарали фаолият орқали маҳаллий Кенгашларни намунавий Кенгашларга айлантириш лозимлиги энг асосий вазифа ва мақсадлардан бири эканлиги ҳам алоҳида таъкидланди.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати