Афғон уруши қатнашчилари учун тадбир ташкил этилди
2020-02-15 13:30:28 284
Афғон уруши қатнашчилари учун тадбир ташкил этилди
Афғонистон уруши жароҳатлари ҳалигача минглаб Ватандошларимиз қалбларини тирнаб келмоқда. Фарзанди Афғон заминидан эсон-омон қайтган ота-она учун уша кун ҳақиқий байрамга айланиб кетарди. Лекин, бу маъшум уруш майдонларида минглаб ватандошларимизнинг жасадлари қолиб кетди...
Бугун, 15 февраль Афғонистондан совет қўшинлари олиб чиқиб кетилганига 30 йил тўлди. Маълумотларга кўра, афғон урушида 40-армия таркибида жами 820 минг ҳарбий хизматчи қатнашган. МДҲ давлатларидан 14453 киши ҳалок бўлган, 50 минг нафар ҳарбий ногирон ҳолда уйига қайтган, 417 нафар зобит ва аскар бедарак йўқолган. Ўзбекистондан ҳаммаси бўлиб, 64500 аскар иштирок этган ва улардан 1522 нафари ҳалок бўлган.
Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Сух туманида ҳам афғон уруши қатнашчиларининг жамияти фаолият юритади ва бугун ушбу жамият ташаббуси билан тархий санага бағишлаб, тадбир ташкил этилди. Тадбирга байналмилалчи жангчилар ва уларнинг оила аъзолари таклиф этилди. Тадбирда қатнашган туман ҳокими Фаррух Усаров барча байналмилал жангчиларни ушбу тарихий кун билан табриклаб, келажак авлод, ўниб-ўсиб келаётган ёшлар учун жангчиларнинг мардлиги ва жасорати, шижоати, Ватанга бўлган меҳр-муҳаббати, она тупроқга бўлган содиқлиги ҳамиша ўрнак ва намуна бўлиб қолишини таъкидлади.
Маълумот ўрнида: Сух туманидан Афғонистонга 131 нафар ёшлар сафарбар этилиб, бугун улардан 117 нафари мазмунли ҳаёт кечиришмоқда. 2 нафар афғон уруши қатнашчилари – Давронбой Давронов ва Тожиали Мўъминовлар уруш майдонларида ҳалок бўлишган. Тадбирда яна бир бор Афғон уруши қурбоналари хотираси ёдга олинди. Ҳа, уларнинг хотираси абадийдир, уларнинг қилган қаҳрамонликлари эса, ҳеч қачон халқимиз ёдидан учмайди.
Тадбирда байналмилалчи жангчиларга туман ҳокимининг фахрий ёрлиқлари тантанали тарзда тақдим этилди. Санъаткорларнинг дилтортар наволари ва янграган дилрабо қўшиқлар иштирокчилар қалбига ўзгача шавқ ва мазмун бағишлади.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати