ОЧИҚЛИК ВА ОШКОРАЛИК РУҲИДА ЎТДИ
2020-01-30 14:12:37 145
ОЧИҚЛИК ВА ОШКОРАЛИК РУҲИДА ЎТДИ
29 январь куни Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси Матбуот хизмати ҳамда вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи вилоят Кенгаши анжуманлар залида ўтказилган тадбирда 60 нафардан зиёд республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, Ахборот хизматлари раҳбарлари ва блогерлар иштирок этдилар.
Вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Дониёр Тошхўжаев матбуот анжуманини очиб, бугунги кунда журналислар ва блогерлар мамлакатимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни рўй-рост ёритиш билан бирга жамиятнинг турли соҳаларда кўзга ташланаётган долзарб муаммоларга дадил ва очиқ муносабат билдираётганини таъкидлаб ўтди.
Сўнгги йилларда ички ишлар органлари халқ билан яқинлашди. Соҳа ходимлари одамлар ичига кириб бориб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг содир этилмасидан аввал олдини олишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Жойларда сайёр қабуллар ташкил қилиниб, мавжуд муаммолар бартараф этилмоқда.
Бошқарма бошлиғи, шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари томонидан амалга оширилаётган мақсадли тадбирларни аҳолига етказиш, адашган инсонларни тўғри йўлга солиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда, ОАВ вакиллари, Ахборот хизматлари ва блогерлар билан яқин ҳамкорлик катта самара беришини эътироф этди.
- Вилоят ИИБ эшиги сизлар учун доимо очик, деди полковник Д. Тошхўжаев. - Сизлар учун идорамизга кириш тартибини янада соддалаштирамиз. Лозим бўлган барча маълумотларни ҳеч қандай тўсиқларсиз оласизлар. Очиқ ва ошкора ишлаймиз. Фақат сизлар бизнинг матбуот хизматимиз билан янада яқинроқ ҳамкорлик қилишингизни илтимос қиламан.
Очиқлик ва ошкоралик руҳида ўтган матбуот анжуманида ОАВ вакиллари, Ахборот хизматлари раҳбарлари ва блогерлар ички ишлар органлари фаолиятига оид барча саволларига жавоб олдилар.
Матбуот анжуманида, шунингдек, вилоят ИИБ расмий сайтининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Мутахассислар сайт орқали мурожаат қилиш, мурожаатларнинг кўриб чиқилиш тартиби ва муддатлари, бу борада тезкорлик таъминланганлиги каби афзалликлар тўғрисида маълумот бердилар.
Тадбирда ИИВ Тергов департаменти масъул ходимлари, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник И. Исманов, соҳавий хизматларнинг раҳбарлари ҳам иштирок этдилар.
Вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси