Сайлов натижалари маълум қилинди
2020-01-16 13:40:37 179
Сайлов натижалари маълум қилинди
Ҳаммамизга маълумки, 2019 йилнинг 22 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди.
Мазкур сайловларнинг ўзига хослиги шундаки, ушбу сайловлар биринчи бор муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига мувофиқ ҳолда, юқори савиядаги уюшқоқлик билан ўтказилди.
Шунингдек, жорий йил сайловларида илк бора 5 та сиёсий партиядан кўрсатилган номзодлар Халқ депутатлри вилоят кенгаши депутатлиги учун 27 та сайлов округида тенг шароит ва имкониятларда соғлом рақобат олиб бордилар.
Сайловларни депутатликка номзод кўрсатган сиёсий партиялардан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан жами 180 нафар маҳаллий кузатувчилар ҳамда Марказий сайлов комиссиясидан аккредитациядан ўтиб туманимизга ташриф буюрдилар.
Туманимизда ўтказилган Халқ депутатлри туман Кенгаши сайловини жами 15 нафар ОАВ вакиллари, журналистларимиз ҳам мониторинг қилиб, фаол ёритдилар.
2019 йилнинг 2 октябрь куни Халқ депутатлари Сўх тумани Кенгаши сесиясида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 19-моддасига мувофиқ Халқ депутатлари туман Кенгашига сайлов ўтказувчи туман сайлов комиссияси таркиби тасдиқланди. Туман сайлов комиссияси ўзининг 2019 йил 2 октябрда бўлиб ўтган биринчи йиғилишида Сайлов кодексининг 20 моддасига асосан комиссия раисини, раис ўринбосари ва комиссия котибини сайлади. Шунингдек, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилиб, комиссия аъзолари орасида вазифалар тақсимотини тасдиқлади ва ваколатига кирадиган бошқа масалаларни муҳокама қилиб, тегишли қарорлар қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига биноан вилоят сайлов комиссияси жойлардаги давлат ҳокимият органлари таклифларини ўрганиб чиқиб, 16 октябр куни бўлиб ўтган ўз мажлисида Халқ депутатлари туман Кенгашига сайлов ўтказувчи сайлов округлари сонини 27 (йигирма етти) та этиб белгиланди ва битта сайлов округига ўртача 1600 минг нафар сайловчи тўғри келди.
2019 йил 16 октябрь куни туман сайлов комиссиясининг йиғилишида сиёсий партиялар туман Кенгашларининг халқ депутатлари туман Кенгашига бўладиган сайловда иштирок этишига рухсат бериш тўғрисида партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, аризалар келиб тушиши навбатига қараб бешта сиёсий партияга Халқ депутатлари туман Кенгашига ўтказиладиган сайловда иштирок этишига рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида белгиланган тартибда тузиладиган сайлов участкалари ва участка сайлов комиссиялари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайлови учун ягона ҳисобланишини инобатга олган ҳолда 24 октябрь куни туман сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари томонидан тузилган сайлов участкаларининг туман Кенгашига сайлов ўтказувчи округларга ҳам хизмат қилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.
Туман сайлов комиссиясининг 2019 йил 12 ноябрь куни навбатдаги йиғилишида сиёсий партиялар туман ташкилотлари томонидан халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Жами сиёсий партияларнинг туман Кенгаши томонидан туман сайлов комиссиясига 135 нафар депутатликка номзодларнинг ҳужжатлари тақдим этилди. Туман сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан 27 нафар, Адолат СДПдан 27 нафар, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 27 нафар, Халқ демократик партиясидан 27 нафар ҳамда Экологик партиясидан 27 нафар, жами 135 нафар депутатликка номзодларни рўйхатга олди.
Комиссиянинг барча қарорлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Бунда “Садои-Сўх” газетаси, ҳамда вилоят ва Республика марказий газеталарининг вилоятдаги мухбирлари, туман телерадиокомпанияси жамоаларининг фаоллигини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керак.
Жойларда сайлов округлари ва участкаларига бинолар ажратиш ҳамда уларни жизоҳлашда туман ҳокимлиги томонидан бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Айниқса сайлов жараёнига тайёргарлик мавсумида Республика ва вилоятдан бириктирилган вакиллар томонидан берилган амалий ёрдам бу йилги сайловни юқори савияда ўтишига ўз таъсирини кўрсатди.
Сайлов жараёнини кузатиш бўйича туманимизда ўтган бу сиёсий жараёнга юқори даражада тайёргарлик кўрилганлигини, унинг очиқ ва ошкоралик, қонунийлик ва адолатлилик каби демократик сайлов принципларига қатъий амал қилган ҳолда ўтганлиги, айниқса сайлов куни сайлов участкаларида эрталаб соат 8:00да мамлакатимиз мадҳияси янграб, сайлов бошланганлигини эълон қилиниши, сайлов участкалари тўлиқ керакли жиҳозлар билан таъминланганлиги, комиссия аъзолари сайлов қонунчилиги ва амалиётини яхши билишлари алоҳида эътироф этилди.
Овоз бериш 2019 йил 22 декабр куни туман ҳудудида ташкил этилган 30 та сайлов участкаларида соат 8.00 да бошланиб, соат 20.00 да тугади.
Жорий йилги сайловларда туманимиз бўйича 45 235 нафар сайловчилар рўйхатига олинди ва 22 декабр куни туманимиздаги сайловчиларнинг 38 335 нафар сайловчилар халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига муносиб деб билган номзодларга овоз берди. Бу умумий сайловчилар сонининг 84.7 фоизини ташкил этади. Жумладан, 18 ёшга тўлиб, илк бор сайловда қатнашганлар сони 365 нафарни ташкил этди.
Жойлардан сайлов мобайнида сайлов қонунчилиги қўпол тарзда бузилганлиги ҳақида 1та хабар келиб тушди ва жойида бартараф этилди.
Сайлов якунлари бўйича жами 27 нафар депутат сайланди. Уларнинг 6-нафари ЎзЛиДеП, 4-нафари МТДП, 8-нафари “Адолат” СДП, 7- нафари ХДП ва 2-нафар Экологик партияси томонидан кўрсатилган номзодлардан сайландилар. Сайланган депутатларнинг 1 нафари ёки 4-фоизини хотин қизлар ташкил қилди.
Депутатлар ичида ҳокимлар, қишлоқ хўжалик ходимлари, саноат корхоналари ходимлари, тадбиркор ва ишбилармонлар, ўқитувчилар, врачлар, иқтисодчилар ва бошқа касб эгалари бор.
Хулоса қилиб айтганда, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш юқори савияда демократия, ошкоралик ва сайлов қонунлари талаблари асосида, жиддий камчиликларсиз ўтказилди. Шуниси қувонарлики, бўлиб ўтган сайловлар сайловчиларнинг фаоллиги, ҳуқуқий маданияти, онги ва саводхонлиги ўтган сайловлардагига нисбатан анча ўсганлигини кўрсатди.
Амир Темиров – Сух туман сайлов комиссияси раиси