Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 49 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қарор қабул қилинди

×

 2018-11-08 14:18:16    219

PDF юклаш
Чоп этиш


Фарғона вилоятининг Сўх туманида юз берган, қишлоқ хўжалиги объектларига катта зарар етказган сел-тошқин оқибатларини бартараф этиш ҳамда туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарори имзоланди.

Қарор билан туманда юз берган сел-тошқин оқибатларини бартараф этиш, туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл харита”лари ва туманда саноат, хизматлар соҳаси ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳаларининг манзилли рўйхати тасдиқланди.

Ҳужжатга мувофиқ, Сўх туманида замонавий маҳалла марказлари, маданий дам олиш масканлари қурилади. Туман ҳудудидаги таъмирталаб бинолар, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари таъмирланади ҳамда янгилари бунёд этилади. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги мавжуд муаммолар бартараф этилади.

Юқори малакали тиббиёт мутахассислари гуруҳи ҳар йили Сўх туманига хизмат сафарига юборилади ва туман аҳолиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Туманда юқори даражада тиббий хизмат кўрсатилиши ташкил этилади. Тиббиёт олий таълим муассасаларига киришда Сўх тумани учун имтиёзли квота ажратиш таклифи тайёрланади. 

Сўх туманида саноат, хизматлар соҳаси ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича 40дан ортиқ лойиҳа амалга оширилади, тадбиркорлик муҳити ривожлантирилади, жумладан тикув ва трикотаж маҳсулотлари, қурилиш материаллари, қоғоз ва қоғоз маҳсулотлари, қандолат маҳсулотлари, мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш ташкил этилади.

Туманда чакана савдо хизмати кенгайтирилади, замонавий савдо маркази, транспорт хизмати, юк ташиш хизмати, банклар филиаллари ташкил этилади, наслли қорамолчилик, иссиқхона, балиқчилик, паррандачилик билан шуғулланиш, меҳмонхона фаолияти йўлга қўйилади ва туристик фаолият ривожлантирилади.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг филиали орқали туманда яшайдиган хорижда ишлаш истагини билдирган фуқароларни ташкиллаштирилган равишда хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборишга кўмаклашилади.

Ҳужжатга асосан, Ўзбекистон ТИВ, ДХХ чегара қўшинлари, ИИВ, ДБҚ, Фарғона вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Қирғизистоннинг тегишли давлат идоралари билан Фарғона туманининг “Шоҳимардон” ва “Ёрдон” қишлоқлари ҳамда Сўх тумани аҳолисига “Водил” чегара постидан ўтишда қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида “яшил йўлак” ташкил этиш, аҳолининг “Чунгара” қишлоғидаги чегара постлари орқали ҳаракатланишини йўлга қўйиш масалалари бўйича музокара олиб бориши белгиланди.

Шунингдек, қирғиз томони билан Ўзбекистоннинг “Чашма”, “Қизил-қиёқ”, “Ленбург”, “Риштон”, “Ўқчи” ҳамда Қирғизистоннинг “Чечме”, “Боз-адир”,“Отукчи”, “Кайтпас”, “Газпром” ўтказиш пунктларини ҳукуматлараро битимга киритиш, “Кайтпас” ўтказиш пунктидаги чекловни олиб ташлаш, “Отукчи” ва “Газпром” ўтказиш пунктларининг фаолиятини тиклаш ҳамда улар орқали шахслар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун шароит яратиш масаласи ўрганиб чиқилади.