ИЖОДИЙ ТАРЖИМАЛАР БИЛАН АДАБИЁТ МАЙДОНИНИ ТЎЛДИРАЁТГАН СЎХЛИК ЗУЛЛИСОНАЙН ШОИР
2024-12-24 15:49:04 174
Ижодий таржималар билан адабиёт майдонини тўлдираётган сўхлик зуллисонайн шоир
Ижтимоий тармоқларда Сўхлик педагог номи билан танилган ҳамюртимиз Шоҳрўз Мўминзоданинг ижоди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг “Биринчи китобим” лойиҳасида нашр этилди. Китоб «Ҳуркак шуъла» деб номланган бўлиб, унда форс-тожик адабиётидан бадиий таржималар ўрин олган.
Шоҳрўз Эрон шоирларидан Фурўғ Фаррухзод, Эҳё Паёний, тожик адабиётидан Лоиқ Шерали, шуниндек, мумтоз адабиётдан Абдураҳмон Жомий, Саъдий Шерозий, Абдуллоҳ Ҳотифий, Абулқосим Фирдавсий ва шу каби буюк ижодкорларимизнинг ижодларидан таржималар қилиб келган.
«Ҳуркак шуъла»га адабиётшунос олим, Филология фанлари доктори, профессор Валижон Қодиров сўзбоши ёзиб берди.
Ушбу хабарни эшитган китоб муаллифи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қуйдаги фикрларни билдирди:
“Аввалига бу хабарни кўриб, ҳайратландим. Менинг ҳайратим ва ҳаяжоним жим бўп қолиш орқали юз беради. Бироз вақт ўтиб, нималар содир бўлганини фаҳмлайман.
Гарчи бу менинг номим остида нашр этилган бўлса-да, аввало, Парвардигоримнинг марҳамати, ота-онамнинг ғамхўрлиги, Устозларимнинг ҳиммати бор, уюшманинг – меҳнати. Бу борада алоҳида бир инсонга раҳмат айтиб бўлмайди.
Айтиш жоизки, бу китоб адабиётнинг рамзий ишончномаси, бу китоб мажбурият ва масъулият. Энди янги-янги ижодий таржималар билан адабиёт майдонини тўлдиришимиз керак!
Анчадан бери Тошкентда эмас эдим. Индинга, яъни 25 декабрь куни 15:00 да ушбу китоблар тақдимоти Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси биносида бўлиб ўтади. Мени таниган ва менга ўз дидорини мушарраф эттирмак ниятида бўлган устозларимни, курсдошларимни, дўстларимни ва онлайн шогирдларимни тақдимотга чин кўнгилдан таклиф этаман”.
Шоҳрўз Мўъминзодани “зуллисонайн шоир” дейишга тўла ҳақлимиз. Чунки ёш иджодкор икки тилда нафақат таржума билан шуғулланади, гўзал ва мазмунли шеърлар ҳам ёзади. Агар унинг ижоди билан танишсангиз шеърларида янги мавзу ва янги оҳанглар борлигини ҳис этасиз.
Шоир ижодига омад тилаймиз! Янги китоб муборак бўлсин!
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram