Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 12 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

КОНСТИТУЦИЯ – ДАВЛАТНИНГ АСОСИЙ ҚОНУНИ

×

 2024-12-06 10:22:04    94

PDF юклаш
Чоп этиш





Конституция – давлатнинг асосий қонуни

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳақида сўз юритишдан олдин Конституция нима? - деган саволга жавоб бериш ўринлидир.

Конституция лотинча “Constitution” сўзидан олинган бўлиб, “Тузилиш ва тузук деган маъноларни билдиради.

Конституция – давлатнинг асосий қонуни ҳисобланади.

Конституция давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.

Қадимги Римда ҳам “Конституция” атамаси бўлган ҳамда Император Конституцияси деб аталган.

Қадимда Шарқ ва Осиё ҳамда Марказий Осиё мамлакатларида “Амир Темур тузуклари” Конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлган шариат қонунларини ўз ичига олган.

Мустақиллигимизниг илк йилларида қабул қилинган асосий Қонунимиз (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси) Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолнинг 97 та мамлакати тўплаган илғор конституциявий тажрибага мувофиқ ҳамда жаҳон давлатларининг конституциявий тажрибасини бир қатор илғор жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгаши каби нуфузли халқаро ташкилотлар ва АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция каби давлатлар мутахассисларининг экспертизасидан ўтгандан сўнг 1992-йил 8-декабр куни Бош Қонунимиз қабул қилинган. Шу кундан эътиборан, 8-декабр – умумхалқ байрами деб эълон қилинди.

Бундан ташқари, Қомусимизда 1948-йил 10-декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 217 А (III) кўрсатмаси орқали қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”да эълон қилинган кўрсатмалари инобатга олинган.

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституцияси янги мустақил давлатнинг ҳуқуқий кафолатларини шакллантирди. Шундай қилиб, Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат ташкил топган бўлса, биринчи Конституциямиз қабул қилинган куни давлатимиз янгидан туғилди, ҳақиқий мустақиллигимизга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор қўйилди.

Ўзбекистон конституциясига ҳозирги вақтга қадар унга расман 14 маротаба ўзгартиришлар киритилган ҳисобланади. Агар ҳар бир нормани ҳисобласак, унда жами 68 та нормага тузатиш, ўзгартириш ва қўшимча киритилган. Жумладан:

1. 1993-йил 28-декабрда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун, 77-модда: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сони 150 нафардан иборатлиги тўғрисидаги нормага миқдорнинг аниқ чегарасини кенгайтирувчи ўзгартириш киритилди. Яъни “бир юз йигирма депутатдан иборат” жумласи “депутатлардан иборат” тарзда ўзгартирилди.

2. 2003-йил 24-апрелда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун: Ўн йиллик жимликдан сўнг Конституциянинг бирюла 30 та нормасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ўзгартиришлар икки палатали парламентга ўтилиши муносабати билан амалга оширилган эди. Хусусан, Конституциянинг бешинчи бўлими, ХVIII–ХХ, ХХIII бобларига тааллуқли, келгусида икки палатали парламентни сайлаш ва президентнинг конституциявий ваколат муддатини беш йилдан етти йиллик қилиб ўзгартириш масаласига боғлиқ.

2002-йил 27-январда икки палатали парламент тузиш ва президентнинг конституциявий ваколат муддатини ўзгартириш тўғрисидаги икки муҳим масала бўйича референдум ўтказилди.

Референдум қарорига мувофиқ, “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги конституциявий қонунлар ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш учун асос бўлди. Олий Мажлис икки палата – Қонунчилик палатаси ва Сенатдан иборатлиги, Қонунчилик палатаси бир юз йигирма депутатдан иборат бўлиши, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг мутлақ ҳамда биргаликдаги ваколатлари, президент ваколат муддати етти йилга узайтирилиши билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилди.

3. 2007-йил 11-апрелда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг моддаларига тузатишлар киритиш тўғрисида (89-моддасига, 93-моддасининг 15-бандига, 102-моддасининг иккинчи қисмига)”ги қонун: Конституциянинг учта нормасига ўзгартириш ва қўшимча киритилди. Президенти давлат бошлиғи ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлаши, шунингдек, қонунларни бузган ёки шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган хатти-ҳаракат содир этган туман ва шаҳар ҳокимларини президент ўз қарори билан лавозимидан озод этишга ҳақли эканига оид ўзгартириш киритилди.

4. 2008-йил 25-декабрда “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун, яна ўша 77-модда: битта нормага ўзгартириш киритилди. Конституциянинг 77-моддасида Қонунчилик палатаси қонунга мувофиқ сайланадиган бир юз эллик депутатдан иборат бўлиши белгиланди.

5. 2011 йил 18 апрелда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги қонун: Конституциянинг бешта нормасига ўзгартириш ва қўшимча киритилди. Бу ўзгартиш ва қўшимчалар президент, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ўртасидаги ваколатларнинг янада мутаносиб тақсимланишини таъминлаш, сиёсий партияларнинг роли ва таъсирини кучайтириш мақсадини кўзлаган эди.

Қонун Олий Мажлис бош вазир ҳисоботларини эшитиши ва муҳокама қилиши тартибини белгилади. Бош прокурор ўринбосарларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги президент фармонларини тасдиқлаш Сенатнинг мутлақ ваколатларидан чиқарилди. Қолаверса, Президент ижро этувчи ҳокимиятга раҳбарлик қилиши ҳақидаги норма чиқарилди.

Қонун билан президент вилоятлар ҳокимларини ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимини тайинлаши ҳамда лавозимидан озод этиши бош вазир тақдимига биноан амалга оширилиш тартиби ўрнатилди. Бундан ташқари, бош вазир номзоди Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилиши белгиланди. Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги норма мустаҳкамланди.

Ниҳоят, 96-моддага муҳим ўзгартиш киритилди: Президент вазифасини бажаролмай қолган ҳолатда унинг вазифа ва ваколати вақтинча Сенат раиси зиммасига юкланади. Уч ой ичида президент сайлови ташкил этилади ва ўтказилади.

6. 2011-йил 12-декабрда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига тузатиш киритиш тўғрисида”ги қонун, етти йилдан беш йилга қайтиш битта нормага тузатиш киритилди. У президентнинг ваколат муддати етти йилдан беш йилга қисқартирилиши билан боғлиқ эди.

7. 2014-йил 16-апрел, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги қонун олтита норма ўзгарди. Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланиши тўғрисидаги норма киритилди. Шунигдек, парламент назоратини амалга ошириш Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биргаликдаги ваколати сифатида белгиланди.

8. 2017-йил 6-апрел, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун еттита нормага ўзгартириш ва қўшимча киритилди. Улар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судялар олий кенгаши ҳамда иқтисодий ва маъмурий судлар фаолиятининг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланиши билан боғлиқ эди.

9. 2017-йил 31-май, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида (80, 93, 108 ва 109-моддаларига)”ги қонун тўртта норма ўзгарди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, шунингдек, Конституциявий суд мустақиллигини мустаҳкамлашга оид айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

10. 2017-йил 29-август, “Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонун иккита нормага ўзгартириш ва қўшимча киритилди. Жумладан, Тошкент шаҳри таркибига кирувчи туманларга ҳоким тайинланиши ва лавозимидан озод этилиши Тошкент шаҳар ҳокими ваколатига кириши тўғрисидаги норма белгиланди.

11. 2018-йил 15-октябр, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун битта норма ўзгарди. Фуқаролар йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органларида раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини эмас, балки фақат раисни (оқсоқолни) икки ярим йил муддатга сайлаш тартиби киритилди.

12. 2019-йил 18-феврал, “Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги баъзи давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун, МХХ ДХХга айланди иккита норма ўзгарди. Бу ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг номланиши Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматига ўзгариши билан боғлиқ.

13. 2019-йил 5-март, “Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун учта норма. Уларга кўра, Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлаш ва лавозимларидан озод қилиш бош вазирнинг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тақдимига биноан амалга оширилиш тартиби жорий этилди.

14. 2019-йил 4-сентябр, “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун иккита норма. 117-моддада суд муомалага лаёқатсиз деб топган, оғир ва ўта оғир жиноят содир этгани учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларгина сайловда иштирок этмаслиги, бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан тўғри  ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги ўзгартириш киритилди.

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Конституцияга қуйидаги ўзгартишлар киритишни таклиф қилдилар.

Президент Шавкат Мирзиёев Конституциянинг қабул қилинган куни (08.12.2021й) муносабати билан ҳалқимизга юллаган табригида Конституцияга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилдилар.

Президент, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизим самарасини ошириш мақсадида Конституцияда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари ўз аксини топиши кераклигини таъкидлаб ўтдилар.

Ўз навбатида Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Конституцияга киритилиши лозим бўлган асосий ўзгартиришларни йўналишларини санаб ўтдилар:

 1)       Муқаддам амал қилиб келган “ДАВЛАТ — ЖАМИЯТ — ИНСОН” тамойилини “ИНСОН — ЖАМИЯТ — ДАВЛАТ” деб ўзгартириш, уни миллий қонунчиликда ва ҳуқуқий амалиётда мустаҳкамлаш;

2)       Иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш;

3)       “ЖАМИЯТ – ИСЛОҲОТЛАР ТАШАББУСКОРИ” - деган эзгу ғоя доирасида асосий қонунда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш;

4)       Бош қомусда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаш;

5)       Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчларини конституциявий даражада акс эттириш;

6)       “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН — ИЖТИМОИЙ ДАВЛАТ” тамойилини конституциявий қоида сифатида муҳрлаш;

7)       Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституцияда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалаларини акс эттириш;

8)       Конституцияга экологияга оид махсус боблар киритиш. “Ўзбекистон Конституциясида ҳам ушбу долзарб масалага доир ҳуқуқий нормалар устувор ўрин эгаллаши керак”, — деди Шавкат Мирзиёев;

9)       Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш.


“Албатта, Конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда биз етти марта эмас, етмиш марта ўйлаб, халқимиз билан ҳар томонлама маслаҳатлашган ҳолда, юртимиз ва жаҳондаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, аниқ қарор қабул қилишимиз зарур”, — дейилади президент табригида.

Президент бу борада Олий Мажлис палаталари, депутат ва сенаторлар, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар жамоатчилиги, ҳуқуқшунос ва сиёсатшунос олимлар, илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилари, бутун халқ бу масалада ўзининг аниқ фикр ва қарашларини билдиришига ишонишини айтди.

Шавкат Мирзиёйев давлат ва сиёсат арбоби Уинстон Черчиллнинг қуйидаги гапини иқтибос келтирди: “Яхши бўлиш учун — ўзгариш керак, яхшиларнинг яхшиси бўлиш учун эса янада кўпроқ ўзгариш керак”.

Юқоридагиларни амалга ошириш мақсадида Конституциявий комиссия ташкил этилди. Конституциявий комиссиянинг раиси этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Холматович Саидов ва тўрт кишидан иборат Конституциявий комиссия ўринбосарлари ва эллик икки кишидан иборат комиссия аъзолари белгиланди.

Мамлакатимиз аҳолисини Конституцияни такомиллаштиришда фаол иштирок этиши унинг халқчиллигини таъминлайди. Шу боис, фуқароларга ўз таклифларини Конституциявий комиссияга замонавий воситалар, хусусан “Meningkonstitutsiyam.uz” электрон платформаси, қисқа рақамли колл-маркази, почта алоқаси, “Телеграм” мессенжеридаги махсус бот орқали юбориш имконияти яратилди. Конституциявий комиссия томонидан мунтазам равишла Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича республикамизнинг барча худудларидан келган таклифларни олиб, уларни кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, таклифларни маҳаллалар ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига оғзаки ёки ёзма шаклда ҳам билдириш мумкин. Келиб тушаётган таклифлар Конституциявий комиссиянинг таклифлар билан ишлаш гуруҳи томонидан кўриб чиқилиб, Конституциявий комиссиянинг Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи томонидан ўрганилиб, Конституциянинг боблари йўналишлари бўйича таснифланиб, Қонунчилик палатасига киритиш учун тавсия этиладиган таклифлар сараланмоқда.

Конституциявий комиссия томонидан берилган таклифлар оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиниб, йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Жумладан:

Ўтган даврда барчанинг ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда тақдирланиш ҳуқуқига эгалиги, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласининг ҳаёт кечириши учун етарли миқдорда бўлиши, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ишсизлик ва камбағалликни тугатиш учун давлат ўзининг барча имкониятларидан фойдаланиши лозимлиги, иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги, мамлакатда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлашда давлатнинг мажбуриятларини белгилашга доир қатор таклифлар келиб тушган.

Аҳолидан инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ажралмас ва дахлсиз бўлиб,, ҳар кимга туғилганидан тегишли эканлигини конституциявий мустаҳкамлаш, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлашига мажбур эмаслигини белгилаш, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, таълим олувчиларнинг билимларини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатишга, шунингдек, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслигини Конституцияда акс эттириш каби яна кўплаб таклифлар берилган.

Таклифлар йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи томонидан кўриб чиқилиб, Конституциявий комиссияга ўрнатилган тартибда киритилади.

Аҳолини, фуқаролик жамияти институтларини Конституциявий ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи юзасидан ўз вақтида ва батафсил хабардор қилиш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқа.

 М.Б.Сайдахматов - Сўх туман адлия бўлими Давлат хизматлари маркази директори








Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook | Telegram | Telegram murojaat | Youtube | Instagram