ДАРДИГА МАЛҲАМ ТОПГАНЛАРНИ КЎРСАМ, ҚУВОНАМАН
2024-11-13 15:53:02 317
Дардига малҳам топганларни кўрсам, қувонаман
Фарғона вилояти, Сўх тумани “Ленбург” маҳалла фуқаролар йиғинида чорак асрдан буён эл саломатлиги йўлида меҳнат қилиб келаётган Раъно Ҳомиджонованинг шифокор бўлишига болаликдаги орзулари сабаб бўлган. Мангуга муҳрланиб қолган болалик давридаги қилган эзгу ниятлари бугунги кунда уни халқ эътибори ва эътирофига сазовор бўлишдек бахт қасри томон етаклади. Болалик орзулари ушлаб, фидокорона меҳнати, билим ва малакаси билан кўпнинг корига бакор келаётган, оддий қишлоқ шифокорининг иш тажрибаси, ҳаёт йўли бугун кўпга ибратли. У меҳнатидан бахт топди, одамлар эътиборни қозонди, ёшларнинг севимли устозига айланди.
Президентимизнинг "Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, “Ленбур” оилавий шифокорлик пункти ҳамшираси “Соғлом турмуш” медали билан тақдирланди.
- Тақдирланганимни эшитиб, қанчалик қувонганимни сўз билан ифодалаб бера олмайман,- дейди оилавий шифокорлик пункти ҳамшираси.- Самимий тилаклар, дил изхорлар, кўнглимни фахр, ифтихорга тўлдирди. Қўқон шаҳридаги тиббиёт билим юртида таҳсил олгач, туман марказий шифохонасида доя, “Тул” бирламчи тиббий санитария ёрдам кўрсатиш муассасаси ҳамшираси, ”Ленбур” қишлоқ врачлик пункти доя, оилавий шифокорлик пункти ҳамшираси вазифаларида ишладим. Қишлоғимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ўз ҳолича эди. Етти чақирим олисда жойлашган “Девайрон” қишлоқ врачлик пунктига қатнаб ишладик. Тиббий жиҳозлар, малакали врачларнинг етишмаслиги аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида кўплаб муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлган. 2016 йилда Юртбошимиз ташаббуси билан “Ленбур” оилавий шифохонаси қуриб берилди. Замонавий масканида беморлар саломатлигини муҳофаза қилиш билан боғлиқ керакли шарт-шароитлар яратиб берилган. Бугунги кунда 2000 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келаман. Авваллари тиббий ёрдам сўраб, мурожаат қилган фуқароларни шифокор назоратидан ўтишга йўналтириш билан чекланганмиз. Чунки қўлимизда ҳеч қандай тиббий жиҳоз, дори-дармон бўлмаган. Энди эса, масофадан туриб ҳам малакали шифокорлар билан мулоқот қилиш, ташхис қўйиш, даволаш билан боғлиқ имкониятларга эгамиз...
Билимдон, ширинсўзлиги билан кўпнинг меҳр, эътиборини қозонган Раъно ёшларнинг севимли устози, маслаҳатчиси сифатида ҳам ҳурмат, эътибор топганлардан. Унинг ҳаёт йўли меҳнат фаолиятига ҳавас қилиб, шифокорлик касбини танлаётган ёшлар кундан кунга кўпайиб бормоқда.
Пурвиқор тоғлар қўйнида жойлашган кўҳна Ленбург қишлоғида умргузаронлик қилиб, элда эъзоз топган, тиббиёт ҳамшираси Раъно Ҳомиджоновани юксак давлат мукофоти билан қутлаб келаётганлар бир дам бўлса-да тўхтагани йўқ.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram