ДЕМИРСАД ОЛМАСИНИНГ ХАРИДОРГИРЛИГИ СИРИ НИМАДА?
2024-10-30 16:09:34 172
Демирсад олмасининг харидоргирлиги сири нимада?
Сўх туманининг машҳур Чашма булоғи бир неча қишлоқларга обиҳаёт бахш этиб, мева ва сабзавотларга ўзгача таъм беради. Шу боис Сўхда етиштириладиган олма, нок, ўрик, шафтоли каби мевалар, картошка сингари сабзавот маҳсулотлари жуда харидоргир.
Шу боис ички бозор эҳтиёжидан ортган мева-сабзавотлар қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинади. Айни пайтда туманда юртимиз бозорларига йилига 15 минг тоннадан зиёд олма етказиб берилади. Шу кунларда Сўхда олма ҳосилини йиғиб олиш мавсуми уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
— Қишлоғимиз Чашма булоғи сувидан ичади, — дейди Демирсад қишлоғида истиқомат қилувчи Ғайратжон Дўстматов. — Демирсад олмасини бир тишласангиз, юзингизга суви сачрайди, мазасига гап йўқ. Бу олмани табиий усулда қиш-баҳор мавсумига ҳам сифатли сақлаш мумкин.
Бу оила аъзолари хонадондаги 8 сотих томорқадан жорий йилда 2 тонна олма ҳосили олишни мақсад қилган. Чорвачилик, картошка етиштириш оиланинг яна бир даромад манбаи ҳисобланади.
Айтиш жоиз, Демирсад қишлоғи боғбонлари Сўхда олма етиштириш борасида энг тажрибали миришкорлар сифатида танилган.
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram