МАҲАЛЛАЛАРДА ТУМАН ИШЛАБ ЧИҚАРИШ САЛОҲИЯТИНИ ОШИРИШГА ДОИР АМАЛИЙ ИШЛАР ҚИЛИНМОҚДА
2024-08-23 16:04:35 97
Маҳаллаларда туман ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга доир амалий ишлар қилинмоқда
Туманимизда тадбиркорликни ривожлантириш орқали санаот ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш, пировардида аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар ҳам эътироф этишга арзийди. Офтобру маҳалласида амалга оширилаётган тизимли ишлар туфайли мазкур соҳа ҳам ривож топмоқда.
Мазкур маҳаллада ташкил этилган “Зебои ширина” ишлаб чиқариш корхонасида бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотларидан бири оққанд ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Тадбиркор Шавкатжон Шамсиев саъй-ҳаракати орқали мазкур корхонада 4 нафар ёшлар доимий иш жойи билан таъминланган.
- Бир кунда 500 килограммгача маҳсулот ишлаб чиқарамиз. Тумандаги барча савдо дўконлар билан шартнома қилганмиз. Маҳсулотни етказиб бериш ва асосийси, сифатига кафолат бериш асосий вазифамиз саналади. Ниятимиз корхона фаолиятини кенгайтириш ва бунинг учун ер майдони лозим. Ишчи ўринларни ҳам кўпайтириш ниятимиз бор. Асосий мақсадимиз халқимизга сифатли маҳсулотлар етказиб беришга қаратилган, - дейди тадбиркор туман ҳокими билан суҳбат чоғида.
Маҳалла ҳоким ёрдамчисига тадбиркорга маҳалла ҳудудидан ер майдони танлаш ва қонун доирасида мурожаатни ижобий ҳал этишга амалий кўмак кўрсатиш вазифаси топширилди. Ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга қаратилган ҳар бир таклиф қўллаб-қувватлашга лойиқдир. Бунинг учун ҳар бир мутасадди бундай тадбиркорларга қанот бўлмоғи лозим.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram