САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ
2024-06-24 17:48:46 151
Савол беринг, жавоб берамиз
Савол: Алимент қанча миқдорда ундирилади?
Жавоб: Алимент суд томонидан белгиланганда ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг:
бир бола учун — тўртдан бир қисми;
икки бола учун — учдан бир қисми;
уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади.
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Агар алимент тўловчи ишламаса алимент ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади.
Алимент Ўзбекистонда ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади. Чет эл валютасида олинадиган даромадлар алимент ундириладиган кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курси бўйича сўмларда ҳисобланади.
Алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш жойидаги иш берувчи ёки пенсия, нафақа, стипендия олаётган жойидаги ташкилот маъмурияти алимент тўлаши шарт бўлган шахсга иш ҳақи тўланган ва (ёки) бошқа даромадлар олинган кундан бошлаб, уч кундан кечиктирмай алимент олувчи шахсга ўтказиши шарт.
Алимент қарзи алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромад етарли бўлмаганда, банклар ва бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида турган пул маблағидан, ҳамда қонун бўйича ундириш қаратилиши мумкин бўлган ҳар қандай мол-мулкига қаратилади.
Ў.Эргашев - адлия бўлими бош маслаҳатчиси
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram