МЕДИАЦИЯ ИНСТИТУТИНИНГ АҲАМИЯТИ
2024-06-20 10:56:37 438
Медиация институтининг аҳамияти
Замонавий тушунчага эга медиация ХХ асрнинг иккинчи ярмида англо-саксон ҳуқуқи оиласига кирувчи АҚШ, Австралия ва Буюк Британия мамлакатларида ривожланиб, Европага тарқала бошлади. Медиация институти такомиллашгунига қадар оилавий можароларни ҳал қилиш ҳолатларида қўлланила бошланди. Кейинчалик эса медиация турли хил можароларни ҳал қилишда ҳам кенг тадбиқ этилди.
1970 йилнинг бошларида АҚШнинг бир қатор йирик шаҳарларида кўнгилли медиаторлар иштирокида экспериментал медиация дастурларини амалга ошириш бошлаб юборилди. Шу аснода, кейинги йигирма йил давомида бутун мамлакат бўйлаб яна юзлаб шундай дастурлар ўтказилди. Ҳозирги кунга келиб эса медиация амалиёти Америка Қўшма Штатларини жуда кенг миқёсда қамраб олди.
Айни пайтда АҚШ суд амалиёти шундай йўналтирилганки, кўплаб можаролар кўнгилли тарзда судгача ҳал қилишга, айниқса суд жараёни босқичида ҳам судья судни тўхтатиб, томонларга медиатор билан ишлаб кўришни тавсия қилиши мумкин.
АҚШда иқтисодиёт, сиёсат ва бизнес соҳаларидаги бирон-бир жиддий келишув медиатор ёрдамисиз амалга оширилмайди.
Бундан ташқари, мамлакатда медиация муаммоларини ёритиб берувчи махсус журнал (Ежеквартальный журнал по медиации) чоп этилади.
Эътиборлиси, Америка Қўшма Штатларида медиациянинг янги услубларини ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи баҳсларни ҳал қилиш миллий институти фаолият юритади.
Шунингдек, мамлакатнинг хусусий ва давлат медиация хизматлари мавжуд бўлиб, бу борада Америка ҳакамлик ассоциацияси (Аmerican Arbitration Association) жуда катта мавқега эга.
Ҳозирда ташкилот томонидан ўзининг ҳакамлик текширувлари (арбитраж) ва медиация қоидалари тасдиқланиб, ички низолар ҳам кўриб чиқилмоқда.
Мамлакатимизда медиация институтининг ривожланиш тарихи Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 июлдаги “Медиация тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши билан изоҳланади. Мазкур Қонун қабул қилингунига қадар медиациянинг элементларини ўзида акс эттирган келишув шакли мавжуд эди. Қонун билан медиация иштирокчилари ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, медиацияни қўллаш ва медиация тартиб-таомилини амалга ошириш батафсил ёритиб берилди.
Қолаверса, илк бор медиация, медиатор, медиатив келишув ва унинг бошқа турлари тушунчаларига таъриф берилди.
Унга кўра, медиация бу - келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир. Медиатор медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахсдир. Медиатив келишув медиацияни қўллаш натижасида медиация тарафлари томонидан эришилган келишувдир. Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув эса тарафларнинг тузилган пайтдан эътиборан медиация тартиб-таомили амалга ошириладиган келишувидир. Медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув - низо келиб чиққунига қадар ёки у келиб чиққанидан сўнг тарафларнинг низони медиация тартиб-таомилини амалга оширган ҳолда ҳал этиш зарурлиги тўғрисида тузилган келишувдир.
Шуни қайд айтиб ўтиш лозимки, амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси ҳам тегишинча тўлдирилди, тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Бугунги кунга келиб, “Медиация тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши медиация институти қўллаш орқали келишмовчиликларни суддан ташқари ҳал қилиш имкониятини яратди.
У. Эргашев - Риштон туманлараро иқтисодий суди раиси
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram