КРЕДИТ ШАРТНОМАСИ ЮЗАСИДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН НИЗОЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШНИНГ ЎЗИГА ХОСЛИГИ
2024-06-10 15:03:41 203
Кредит шартномаси юзасидан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқишнинг ўзига хослиги
Судлар томонидан кредит шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни кўришда қонун ҳужжатларининг бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 13/150-сонли Қарори қабул килинган.
Ушбу қарорда судлар кредит шартномасидан келиб чиқадиган ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, “Гаров тўғрисида”ги, “Гаров реестри тўғрисида”ги, “Ипотека тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинишига эътибор қаратиши лозимлиги назарда тутилган.
Кредит шартномаси ёзма шаклда тузилиши шарт. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кредит шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.
Бажарилиши учун пул суммаларини ёки турга хос аломатлари билан белгиланадиган бошқа ашёларни иккинчи тарафга мулк қилиб топшириш талаб қилинадиган шартномаларда, агар қонунчиликда бошқа ҳол белгилаб қўйилган бўлмаса, кредит бериш, шу жумладан бўнак, олдиндан ҳақ тўлаш, товарларга, ишлар ёки хизматларга ҳақ тўлашни кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлаш шаклида кредит бериш (тижорат кредити) назарда тутилиши мумкин.
Пленум қарорида судлар кредит суммаларини муддатидан олдин ундириш тўғрисидаги даъволарни кўришда кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисидаги талабнинг йўқлиги кредит суммаси ва фоизларни муддатидан олдин ундириш ҳақидаги талабларни қаноатлантиришни рад этиш учун асос ҳисобланмаслигини эътиборга олишлари лозимлиги кўрсатилган.
Бизнинг фикримизча, банклар томонидан кредит қарздорлигини муддатидан олдин ундириш ва ундирувни гаров мулкига қаратиш ҳақидаги талаб билан кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ҳақидаги талабларни бирлаштириш лозим. Бу эса тадбиркорларга анча енгиллик беради.
Чунки шартнома бекор қилингач, барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳам бекор бўлади ва шартнома бўйича яна қўшимча фоиз ҳисобланмайди.
Бундан ташқари, судда низо кўриб чиқилгунига қадар мавжуд муддати ўтган кредит қарздорлиги тўлиқ қопланган тақдирда, медиатив келишув тузиш амалиётини жорий этиш мақсадга мувофиқ.
Натижада, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатланганлиги нуқтаи назаридан кредит олган тадбиркорлар учун адолатли қарор қабул қилинишига эришилади.
Ҳозирда мазкур тоифадаги ишларни кўришда судлар томонидан кредит муносабатлари соҳасидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолларига хусусий ажрим ва тақдимномалар билан муносабат билдирилиб борилмоқда.
У.Эргашев - Риштон туманлараро иқтисодий суди раиси
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram