ҲАЗРАТИ АЛИ МАҲАЛЛАСИДА ҲАШАР ЙЎЛИ БИЛАН ЯНГИ БИНО БАРПО ЭТИЛМОҚДА
2024-06-05 15:59:01 254
Ҳазрати Али маҳалласида ҳашар йўли билан янги бино барпо этилмоқда
Ота-боболаримиздан бизгача етиб келган умрбоқий удум ва анъаналар борки, улар одамларни бир-бирига бирлаштирувчи ва ўзаро меҳр-оқибат ва ҳурмат-иззатни мустаҳкамловчи кучга ҳам эгадир. Ҳашар мана шундай эзгу анъаналардан биридир.
Ҳашар йўли билан аждодларимиз энг мушкул иш ва юмушларни ижро этишган. Ҳашар йўли билан йўллар қурилиб, кўприклар барпо этилган, кўркам ва муҳташам бинолар қад ростлаган, ариқлар қазилиб, одамларга оби ҳаёт етказиб берилган.
Бугун Ҳазрати Али маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла аҳли айнан ҳашар йўли билан маҳалла идорасини қуришмоқда. Бугун маҳалланинг эски идораси ўрнига янги ва замонавий бино қурилади ва мана шу эзгу ниятлар билан маҳалла аҳли иш бошлашди.
Маҳалла раиси Субҳонали Нишоновнинг сўзларига кўра, маҳалла биносининг қурилишида бугун бутун маҳалла аҳли иштирок этишаётир. Лойиҳа асосида қурилаётган маҳалланинг маъмурий биноси келажакда фуқаролар манфаатига хизмат қилиши лозим.
Нуроний отахонлар дуолари билан бошланган бу эзгу ишда айтганимиздек, барча маҳалла аҳли, айниқса, ёшлар фаоллик билан иштирок этишмоқда. Қурилиш ишларига керак бўладиган барча маҳсулотлар саховатпеша инсонлар кўмагида етказиб берилмоқда.
- Биз ўз меҳнатимиз билан Ватанимиз ранақи ва ривожига ҳисса қўшишимиз лозим, чунки давлатимиз бизларга керак бўладиган барча нарса ва шароитларни қилиб берди ва бу қурилиш берилаётган барча эътиборга нисбатан жавоб бўлиши керак, - дейди ҳашарчилардан бири.
Дарҳақиқат, агар биз фуқаролар берилаётган эътиборга нисбатан хайрихоҳлик билан амал қилсак, ислоҳотлар жараёнининг иштирокчисига айлансак, Ватанимиз тобора ривожланади ва кундан кунга равнақ топаверади.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram