ЧЕТ ДАВЛАТЛАР СУДЛАРИ ВА АРБИТРАЖЛАРИНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИНИ ТАН ОЛИШ ВА ИЖРОГА ҚАРАТИШ МАСАЛАЛАРИ
2024-06-05 12:08:43 233
Чет давлатлар судлари ва арбитражларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш масалалари
Бугунги кунда дунё давлатлари ривожланиб борган сари давлатларнинг глобаллашув жараёнида ўзаро ҳуқуқларни тан олиш ва эътироф этиш кун тартибига чиқмоқда. Шу сабабли, долзарб масалалардан бири чет давлатлар судлари ва арбитражларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишда Ўзбекистон Республикасида 1992 йил 20 мартда Киев шаҳрида имзоланган «Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги Битим, 1958 йил 10 июнда Нью-Йорк шаҳрида имзоланган «Чет эл мамлакатлари ҳакамлик қарорини эътироф этиш ва ижро этиш тўғрисида»ги Конвенция, 1993 йил 22 январда Минск шаҳрида имзоланган «Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида»ги Конвенция, 1954 йил 1 мартда Гаага шаҳрида имзоланган «Фуқаролик процесси масалаларига доир Конвенция», Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларини қўлланилади. Ўзбекистон Республикаси мазкур конвенциялар ва халқаро битимларни турли йилларда тан олиб, ратификация ёки имплементация қилган ҳамда ўз навбатида, миллий қонунчиликка халқаро нормаларни татбиқ қилиб келмоқда.
Мисол учун, Россия Федерацияси юридик шахси ва Ўзбекистон Республикаси юридик шахси ўртасида шартнома имзоланган тақдирда шартноманинг тегишли бандида низоларни ҳал этишда ҳакамлик судларида, халқаро арбитраж судларида ёки шартнома тарафлари жойлашган давлатдаги судда ўзлари кўрсатган ҳуқуқий нормалар асосида ҳал этилиши кўрсатилади. Жумладан, шартнома юзасидан вужудга келадиган низолар тарафлар ихтиёрий шартномада кўрсатган судга мурожаат қилиб ишни кўриб чиқиш сўрайди. Бинобарин, Ўзбекистонда мазкур низолар асосан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро арбитраж судида ёки ҳакамлик судларида кўрилади. Мазкур судлар томонидан қабул қилинган қарорларни тан олиш ва ижрога қаратиш масаласи Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий судлари томонидан ҳал этилади. Қарорларни тан олиш ва ижрога қаратиш шартлари ва асослари Ўзбекистон Республикасида миллий қонунчилигида белгиланган.
Дастлаб чет эл арбитражи тушунчасига таъриф бериб ўтиш лозим. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий-процессуал кодексига асосан чет эл арбитражи деганда чет давлатнинг тарафлар ўртасидаги низони ҳал этиш учун доимий ёки вақтинча асосда фаолият кўрсатадиган нодавлат ташкилоти тушунилади.
Хорижий давлатларнинг қарорларни тан олиш ёки ижрога қаратиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексида белгиланган. Жумладан, Иқтисодий процессуал кодексининг 31-моддасида чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар жумласига:
тадбиркорлик фаолиятини ва бошқа иқтисодий фаолиятни амалга ошириш чоғида юзага келадиган низолар бўйича чет давлат судлари томонидан қабул қилинган қарорни тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги;
тадбиркорлик ва бошқа иқтисодий фаолиятни амалга ошириш чоғида юзага келадиган низолар бўйича чет эл арбитражлари томонидан қабул қилинган қарорни тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар киради.
Мазкур кодекснинг 248-моддаси 2-қисмида чет давлат судининг ва арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш масалалари иқтисодий суд томонидан низо бўйича ҳал қилув қарори ўз фойдасига чиқарилган тарафнинг аризаси бўйича ҳал этилиши белгиланган.
Чет давлат судининг ва арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш ваколати Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига тегишли бўлганлиги сабабли ариза мазкур судларга, яъни жавобгар жойлашган ҳудуддаги судга берилади.
Чет давлатлар судлари ва арбитражлари қарорлари қонуний қучгандан эътиборан 3 йил мобайнида тан олиниши ёки ижрога қаратилиши мумкин. Агар муддат ўтган бўлса, уни тан олиш ёки ижро қаратиш рад қилинади.
Миллий қонунчилигимизда иқтисодий судга мурожаат қилишда ўзига хос талаб ва тартиблар мавжуд бўлиб, бу Иқтисодий процессуал кодексида белгиланган. Мазкур кодекснинг 252-моддасида агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:
1) чет эл арбитражининг ҳал қилув қарори ёки унинг чет давлат ёки Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаси;
2) арбитраж муҳокамаси тўғрисидаги битимнинг асли ёки унинг чет давлатнинг ёки Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаси;
3) ҳал қилув қарори қисман ижро этилганлиги тўғрисидаги ҳужжат, агар у илгари тегишли чет давлат ҳудудида ижро этилган бўлса;
4) ўзига қарши ҳал қилув қарори қабул қилинган ва процессда иштирок этмаган тараф ишни кўриш вақти ҳамда жойи тўғрисида ўз вақтида ва тегишли тартибда хабардор қилинганлигини англатувчи ҳужжат;
5) вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат;
6) чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси қарздорга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
7) агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
8) агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу модданинг 1 — 5-бандларида кўрсатилган ҳужжатларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси.
Мазкур тоифадаги ишлар ҳақидаги ариза, агар Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, у иқтисодий судга келиб тушган кундан эътиборан олти ойдан ошмаган муддатда суд мажлисида кўриб чиқилади.
Иқтисодий суд ишни кўришда чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқмайди. Суд ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради ва суд берган ижро варақаси миллий қонунчиликда белгиланган тартибда ижрога қаратилади ёки ҳуқуқлар тан олинади.
Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги иш бўйича ажрим устидан бир ой муддатда апелляция шикояти билан мурожаат қилиш ёки прокурор томонидан протест келтирилиши мумкин.
Бугунги кунда мазкур соҳа муаммоси шундаки, бу соҳада мавжуд конвенция ва битимларга бутун дунё давлатлари қўшилмаган. Конвенция иштирокчиси ҳисобланмаган давлатда чет давлат судининг ва арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш масалалари олинмаслиги ачинарли ҳол. Шу сабабли, бу тизимни соддалаштириш лозим ҳамда барча давлатлар тан оладиган ягона халқаро конвенция ва битимлар тузиш уни бошқа давлатларда тан оладиган механизмини яратиш ёки мавжуд халқаро конвенция ва битимларга иштирокчи бўлмаган давлатларни жалб қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
М.Умаров - Фарғона вилоят суди судьяси
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram