ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ЯНГИ ТАҲРИРДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН “СУДЛАР ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУНИ ХАЛҚ МАНФААТИГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА
2024-05-30 16:18:00 322
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги қонуни халқ манфаатига хизмат қилмоқда
Ижтимоий муносабатлар ривожланган сари суд-ҳуқуқ ислоҳатларида ҳам янги қонун нормасини қабул қилишга эхтиёж сезилади албатта.
Ўзбекистон Республикасида суд тизими ривожаниши тарихига назар ташласак, 1993 йил 2 сентябрда “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган.
Мазкур қонун билан судлар фаолияти тартибга солинган (Конституциявий суд бундан мустасно).
2021 йил 28 июль куни янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди.
Мазкур қонун қабул қилинганлиги муносабати билан 1993 йил
2 сентябрда “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда 2000 йил 14 декабрда “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни янги таҳрири ўз кучини йўқотган деб топилди.
Янги таҳрирда қабул қилинган қонунда судьялар мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари ва судья лавозимига номзодлар ва сайланган шахсларга қўйилган талаблар халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилган.
Шунингдек, судьяларнинг ваколатларини бекор қилиш асослари ва тартиби аниқлаштирилиб, судьяларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланмоқда.
Янги таҳрирдаги қонун билан муқаддам қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги қонунда қандай фарқ борлиги ҳақида савол туғилиши табиий.
Янги қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан судья лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши белгиланди, яъни Олий суд судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судлар судьялари учун – 65 ёшни ташкил этиши кўрсатилди.
Судьяларнинг лавозимда бўлиш муддатлари кўрсатилиб, унга кўра, судья биринчи марта 5 йиллик муддатга, навбатдаги 10 йиллик муддатга ва лавозимда бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда сайланиши ёки тайинланиши белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, халқ маслаҳатчиси бўлишга қўйиладиган талаб белгиланди. 35 ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкинлиги кўрсатилди.
Қолаверса, бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши, гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ҳимояланиш ҳуқуқи таъминланиши белгилаб берилди.
Одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланганлиги халқ манфаатига ҳамда фуқароларимизнинг судга бўлган ишонч ҳиссини янада оширишга хизмат қилади.
И.Р.Кузибаев - ФИБ Фарғона туманлараро суди раиси ўринбосари
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram