Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 17 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ҚАРЗ ШАРТНОМАСИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ ВА ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

×

 2024-05-20 13:24:46    275

PDF юклаш
Чоп этиш


Қарз шартномасини расмийлаштириш тартиби ва ҳуқуқий асослари

 

Инсон ҳаётида қарз олди-бердиси энг аҳамиятли масалалардан бири ҳисобланади.

Ҳар қандай инсон ҳаётда яшар экан, қарз олди-бердисини бошидан кечирмай иложи йўқ.

Кишилар ўртасидаги қарз муносабатлари жамиятда ҳали ижтимоий, иқти­содий ва ҳуқуқий муносабатлар у қадар ривожланмаган пайтлардаёқ, муайян муддатга моддий буюмларни қайтариш шарти билан бериб туриш тарзида шаклланган.

Қарз муносабатларининг дастлабки ҳуқуқий белгилари қадимги Римда яратилган бўлиб, пул ихтиро қилиниши билан мазкур муносабат ўзининг хозирги қарз шартномаси кўринишини олган.

Бугунги кунда қарз деганда, муайян муддатга қайтариш шарти билан пул маблағи бериб туриш тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасига асосан қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Қарз шартномаси қандай шаклда тузилиши кераклиги ҳам қонун нормасида кўрсатилган бўлиб, унга кўра, фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.

Қонунчилигимизда қарз олди-бердисини тузиш ва расмийлаштириш шарт қилиб қўйилган экан, нима сабаб қарз муносабатига киришаётган шахслар ушбу тартибга риоя этмайди, деган савол туғилади.

Фикримизча, бунинг биринчи сабаби - ўртадаги ишонч, истеҳола. Иккинчидан, тарафлар нотариал идорага бориб, қарз шартномасини расмийлаштиришига ё ҳафсала қилмайди ёки имкони бўлмайди.

Муаммонинг энг каттаси эса ҳуқуқий савод ва маданиятга бориб тақалади.

Қарз муносабатлари қонуний расмийлаштирилмас экан, низо ва муаммо пайдо бўлаверади.

Афсуски, бугунги кунда қарз масаласи билан боғлиқ низолар оз эмас.

Фуқаролик судларида кўрилаётган низоларнинг салмоқли қисмини ҳам қарз олди-бердисига тааллуқли ишлар ташкил этади.

Шунинг ўзиёқ бугунги кунда одамлар ўртасидаги қарз муносабатлари нечоғли оғриқли тус олиб бораётганини кўрсатади.

Рақамларга мурожаат қилсак, 2021 йилнинг биринчи ярмида Фарғона вилоятининг фуқаролик ишлари бўйича судларида қарзни ундиришга оид 324 та даъ­во ариза кўрилган.

Шундан 252 та ариза қаноатлантирилган. Бунинг натижасида эса жавобгарлардан, яъни қарздорлардан жами 9 миллиард

121 миллиондан зиёд қарз суммасини даъвогарлар, демакки, ҳақдорлар фойдасига ундириш ҳақида ҳал қилув қарорлари чиқарилган.

Булар ҳақиқатан ҳам одамгарчилик нуқтаи назаридан ёрдам қўлини чўзган инсонлардир.

Бу каби тоифага мансуб кишилар ишонч ва истиҳола сабаб қарз муносабатини қонуний расмийлаштирмайдилар.

Аммо вақти келиб, қарздорнинг ноинсофлиги ёки тўлов имконияти бўл­магани боис, ўртада низо пайдо бўлади.

Ислом динида ҳам қарз олди-бердиси гувоҳлар иштирокида тасдиқланиши қайд этилган.

Шунинг учун ҳам қарз олди-бердисини расмийлаштиришда истиҳола ёки андишага бориш керак эмас.

Қарз шартномасини нотариал тартибда расмийлаштирилиши келгусида тарафлар ўртасида низо келиб чиққан тақдирда судгача етиб бормасликка олиб келади.

Чунки, нотариусларнинг ижро хатларига асосан қарзни ундириш қонунда белгилаб қўйилган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, фуқаролар ўртасида қарз шартномаларини расмийлаштиришда қонун талабларига риоя қилиниши ҳамда зиммаларидаги вазифани ўз вақтида адо қилишлари натижасида бу турдаги низоларни камайишига хизмат қилади.

 

 

И.Р.Кузибаев - Фуқаролик   ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг раис ўринбосари



Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook | Telegram | Telegram murojaat | Youtube | Instagram