РАМАЗОН-САХОВАТ, МЕҲРУ ОҚИБАТ ВА БАРОКАТ ОЙИДИР
2024-04-09 14:17:03 174
Рамазон-саховат, меҳру оқибат ва барокат ойидир
Рамазон ойи – эзгу фазилатлар ва меҳр-мурувват ойи. Бу ойда кишилар бир-бирини йўқлайди, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, совға-саломлар берилади, ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилади. Ифторлик дастурхонлари ёзилиб, кўнгиллар шод этилади.
Муборак Рамазон ойи муносабати билан Сўх туманида ҳам рўзадорлар учун ифторликлар ташкил этилиб, хайр-эҳсон ишлари амалга оширилди.
Туман ҳокимлиги ва “Нуроний” жамғармаси ташаббуси билан маҳалла фуқаролар йиғинларидан келган нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари, оқсоқоллар, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, маҳалла еттилиги ва бошқа рўзадорлар учун ифторлик дастурхони ёзилди.
Ифторлик маросимида туманнинг ҳар бир маҳалласидан ташриф буюрган рўзадорлар, меҳнат фахрийлари, ёшу кексалар дастурхон атрофида жам бўлди. Файзли дастурхон атрофида кечган суҳбатларда туманда ҳудудларни обод қилиш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Тўкин дастурхон атрофида нуронийлар юртимиз тинчлиги ва осойишталиги учун шукроналик билдириб, дуога қўл очдилар. Рамазон ойининг фазилатлари, одамларнинг бир-бирига меҳр-оқибати мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram