“ОЛАМ НУРГА ТЎЛСИН СЕН БИЛАН, НАВРЎЗ!”
2024-03-18 17:23:40 312
“Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!”
Бугун Сўх туманининг марказий ўйингоҳида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” ғояси остида бўлиб ўтган байрам тадбирига нуроний отахон ва онахонлар, жамиятда ўз ўрнига эга бўлган хотин-қизлар, меҳнат фахрийлари, маҳалла фаоллари, ёшлар таклиф қилинди.
Қўшни Қирғизистон Республикаси Баткен туманидан ташриф буюрган меҳмонларни туман ҳокими ва бошқа расмий вакиллар кутиб олдилар. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходимлари томонидан тайёрланган баҳорий таом – сумалак, кўк сомсалар, чалпак, пишириқлар ва байрам композицияларидан баҳраманд бўлган меҳмонлар маҳаллалар мутасаддилари тайёрланган байрам зиёфатидан ҳам бенасиб қолишмади.
Туман ахборот-кутубхона маркази ходимлари ҳам байрамга кўтаринки кайфият билан келганликлари қўшни Қирғизистон вакилларини ҳам хушнуд этди. Меҳмон – Баткен тумани ҳокими Учкунбек Жоробаевга китоб ҳадя қилинди.
Баҳорий таом – сумалак пишираётган хотин-қизлар даврасида бўлган меҳмонлар байрам дошқозони атрофида кўшиқ кўйлаб рақсга тушаётган хотин-қизларга қарсак чалишди. Сумалак атрофида Сўх тумани ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев ва Баткен тумани ҳокими Учкунбек Жоробаевлар икки қардош халқ дўстлиги тобора мустаҳкамланиб бораётгани ва миллий байрам Наврўз ҳам тинчлик элчиси эканлигини таъкидладилар.
Майин баҳорий наво билан бошланган байрам тадбири катта тантанага айланиб кетди. Барча Сўхликларни Наврўз байрами билан табриклаб, туман хокими Сайидбаҳром Сайидмусаев барча иштирокчиларга ўзининг самимий тилакларини билдирди.
Наврўз меҳр-оқибат, дўстлик ришталарини мустаҳкам боғловчи азалий қадрият саналади. Наврўз байрамида иштирок этган Қирғизистон Республикаси Баткен тумани ҳокими Учкунбек Жоробаев ҳам ўз сўзида икки давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли тобора мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ришталари ҳақида гапирди. Дўстлик рамзи сифатида эсдалик совғалари улашилди.
Дарҳақиқат, бугун қўшни Республикалар ўртасида янада мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ришталари стратегик ҳамкорлик ва иқтисодий ривожланишга ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик байрам саҳнасида ҳам икки қардош халқнинг ўйин-кулгу ва рақсларида намоён бўлди.
Байрам табригидан сўнг иштирокчиларга туман маданият маркази ходимлари томонидан тайёрланган байрамона концерт дастури намойиш этилди. Санъат ғунчалари ва Сўхлик санъаткорлар ўз қўшиқлари билан томошабинлар кайфиятига кўтаринкилик бағишлади.
Қўшни Қирғизистон республикаси ва вилоятимиздан ташриф буюрган санъат усталари ўз ижролари билан томошабинлар кайфиятига кўтаринкилик бағишладилар. Дўстлик тараннум этган қўшиқлар садоси остида барча рақсга тушиб, байрам шукуҳига файз қўшишди.
Байрам тадбирида иштирок этган болажонлар, маҳалла фуқаролар йиғинларидан таклиф қилинган нуронийлар ва хотин-қизлар ҳам байрам шукуҳидан баҳраманд бўлдилар. Байрам саҳнасида ижро этилган ҳар бир қўшиқ ва айниқса, туман фолклор жамоасининг байрамона тайёрлаган композицион дастури барчани рақс тушиш ва хурсандчилик қилишга чорлади.
Ёш мусаввирлар ва каштачиларнинг маҳорати ҳам саҳна узра барча иштирокчиларга намойиш этилди. Байрамон безатилган саҳнанинг тўридан жой олган нуроний отахонларга ҳам байрам майдонида янграган кўй-қўшиқлар ўзгача кайфият ҳадя этди.
Тадбир якунида туман ҳокимлиги ҳовлисида икки қардош халқ дўстлиги рамзи сифатида мевали дарахт кўчати ўтқазилди. Сўх ва Баткен тумани ҳокимлари томонидан ўтқазилган янги кўчат олдида эзгу тилаклар билдирилиб, дуолар қилинди.
Дарҳақиқат, Наврўз янгиланиш, ёшариш байрамидир ва юртимизга келган баҳор ва миллий байрамимиз Наврўзи олам барчани ободлик, озодалик сари интилишга чорлайди. Илойим, мана шундай хурсандчилик кунларимиз боқий, истиқлолимиз абадий ва халқимизнинг тинчлиги ҳамда тотувлиги ҳар доим барқарор бўлсин.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram