ТАБИАТ ЎЙҒОНДИ, БИЗЧИ?
2024-03-18 16:58:09 219
Табиат ўйғонди, бизчи?
Баҳор фасли келиши билан юртимизда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади. Баҳор келиши ва табиат ўйғониши билан юртимизда хақиқий меҳнат палласи бошланади.
Тўрт томони пурвиқор тоғлар билан ўралган Сўх туманида бу йўналишда қандай ишлар олиб борилмоқда? Табиат ўйғонди, бизчи, деган саволга жавоб топиш мақсадида биз қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари билан туманимизнинг боғдорчилик хўжаликларида бўлдик.
Баҳор, айниқса, иссиқ кунлар туманимизнинг 1-сектори ҳудудига туман марказига нисбатан 1 ой олдин келади. Шу боис, хабарингиз бор, ариқ ва каналларни тозалаш ишлари бу ҳудудда февраль ойининг охирида бошланиб, якунига етказилган.
Лекин қилган ташрифимиз чоғида шу нарса аён бўлдики, бу ҳудуд боғбонлари ҳали ноз уйқуда – бунга тозаланмаган ариқлар, ўз ҳолига ташлаб қўйилган боғзорлар, шакл берилмаган дарахтлар, бўтамаган ва оқланмаган йўл бўйидаги тут дарахтлари сабаб. Тозалик бўлган жойда хайр-барака ва унум бўлишини ҳаммамиз яхши биламиз. Лекин тозаликдан холи боғлар, ўз ҳолига ташлаб қўйилган экин ер майдонларини кўриб, қут-барака ва унумдан умуман гапириб бўлмайди.
Туманимиз марказидаги қишлоқ хўжалиги субъектларида ҳам туман ҳокимининг қатъий топшириғи ва бевосита ўзининг иштироки туфайли йўл четидаги дарахтларга шакл берилиб, ариқлар тозаланди. Бугун ушбу манзара одамга ўзгача шавқ ва завқ бағишлайди.
1-сектор ҳудудидаги қишлоқ хўжалиги субъектларида эса, ҳолат батамом ўзгача. Беихтиёр, ушбу манзарани кўриб, бир фикр миянгизда яшиндек ўради – тозалик, ободлик фақат туман раҳбарларига керакку! Яъни боғбонлар, сектор ҳудудидаги бободеҳқонларга ҳоким ва ёхуд бошқа мутасадди айтиши, ёки айтиб устида туриши керак. Шундагина тозалик ва ободлик бўлади.
Биз бу лавҳада камчиликка йўл қўйган деҳқонлар ва боғбонлар номини келтирмадик. Ахир, муборак рамазон ойида бировни ранжитиш яхши эмас. Лекин бугунги ҳолат – одамни ранжитиши аниқ. Умид қиламиз ва ишонамиз, ки бу ҳолатни кўрган мутасаддилар ва ер-мулк эгалари бўлган фуқароларимиз ноз ўйқудан туриб, камчиликларни ислоҳ қилишга киришадилар.
Ахир, ота-боболаримиздан бизгача етиб келган ажойиб нақл бор – “меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик”. Меҳнат даромад ва манфаатдорлик омили. Ахир азиз бободеҳқонлар, Сиз даромад ва манфаатдорликдан мосуво бўлишни хоҳламассиз? Бундай бўлса, белни маҳкам болаб, ишга киришинг. Баҳорнинг ҳар лаҳзаси, ҳар соати ва ҳар сонияси ғанимат. Тағин, кеч бўлиб қолмасин!
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram