Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 49 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ОИЛА ҚОНУНЧИЛИГИДА БОЛАДАН АЛОҲИДА ЯШАЁТГАН ОТА ЁКИ ОНАНИНГ ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ

×

 2024-02-21 14:55:50    388

PDF юклаш
Чоп этиш


Оила қонунчилигида боладан алоҳида яшаётган ота ёки онанинг ота-оналик ҳуқуқини амалга ошириш тартиби

Мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб, бугунги кунда унинг тўлақонли қонунчилик асослари яратилган.

Бола ҳуқуқлари кафолатларининг қонунчилик асослари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила кодекси, ”Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик органлари тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида ўз аксини топган бўлиб, уларда боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш; боланинг ҳаёти ва соғлиғини, қадр-қимматини муҳофаза қилиш; унинг камситилишига йўл қўймаслик; ёш авлоднинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш каби бу борадаги сиёсатнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 76-моддасида боладан алоҳида яшаётган ота(она)нинг ота-оналик ҳуқуқини амалга ошириши белгилаб қўйилган бўлиб, бунга кўра, боладан алоҳида яшаётган ота (она) бола билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга.

Бола билан бирга яшаётган ота (она) боланинг она (ота)си билан кўришишига, агар бундай кўришиш боланинг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар келтирмаса, қаршилик қилмаслиги керак.

Ота-она боладан алоҳида яшайдиган ота (она)нинг ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби тўғрисида ёзма равишда келишув тузишга ҳақлидир. Агар ота-она келиша олмасалар, низо ота-она (ёки улардан бири)нинг талабига биноан суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида ҳал қилинади. Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаганда айбдор ота-онага нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чоралар қўлланилади. Яъни Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунининг 71-моддасига асосан, давлат ижрочиси қарздорга муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёки уларни амалга оширишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи ижро ҳужжати бўйича ижро иши юритишни қўзғатаётганда уларни ихтиёрий равишда ижро этиш учун унга ўн беш кунлик муддат белгилайди ва давлат ижрочиси ижро ҳужжатининг ўзи белгилаган муддатда ихтиёрий равишда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади. Агарда қарздор ижро ҳужжатининг талабларини давлат ижрочиси томонидан белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра ижро этмаган тақдирда, давлат ижрочиси қарздорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1981-моддаси тартибида маъмурий жазо қўллайди, суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлаган тақдирда эса уни жиноий жавобгарлик тўғрисида ёзма шаклда огоҳлантиради. Қарздор шундан сўнг ҳам ижро ҳужжатини ижро этишдан бўйин товлаган тақдирда, давлат ижрочиси қонунда белгиланган тартибда уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 232-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортиш чораларини кўришлиги қонун билан белгилаб қўйилган.

Суднинг ҳал қилув қарори қасддан бажарилмаган тақдирда суд боладан алоҳида яшаётган ота (она)нинг талабига биноан бола манфаатларини ва унинг фикрини ҳисобга олган ҳолда болани унга бериш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

Боладан алоҳида яшаётган ота (она) тарбия, даволаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасалари ва бошқа шунга ўхшаш муассасалардан ўз боласи тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқига эга. Ота (она) томонидан боланинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф-хатар бўлгандагина, уларга ахборот бериш рад этилиши мумкин. Ахборот беришнинг рад этилиши устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги 23-сонли «Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 7-бандида, Оила кодексининг 76-моддасига биноан боласидан алоҳида турадиган ота ёки она боласи билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиш масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга.

Ота-она боладан алоҳида яшайдиган ота (она)нинг ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби тўғрисида ёзма равишда келишув тузишга ҳақлидир.

Агар ота-она келиша олмасалар, низо ота-она (ёки улардан бири)нинг талабига биноан суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида ҳал қилинади.

Суд мазкур туркумдаги ишларни судда кўришга тайёрлаш, низони ҳал қилишда аҳамиятга эга ва тарафлар томонидан исботланиши лозим бўлган ҳолатларни аниқлаши керак, бунда асосий эътиборни айнан боланинг ота-онаси ёхуд бошқа тарбиялайдиган шахсларнинг шахсий хусусиятларига, шунингдек бола билан шу шахслар ўртасидаги ўзаро муносабатларга қаратиш керак. Бундай ишлар, фарзандни тарбиясига беришни талаб қилаётган шахсларнинг васийлик ва ҳомийлик органи томонидан тегишли тартибда тузилган ва тасдиқланган турмуш шароитларини текшириш хулосаларини олгандан сўнг кўришга тайинланади.

Суд мазкур масала юзасидан низони мазмунан кўраётганда ота-онанинг ҳуқуқлари тенглиги тамойили ва бола манфаатларида турли хил ҳолатларни инобатга олади. Заруратга қараб, суд томонидан суд-психологик экспертизаси тайинланиши лозим, бундай экспертиза ота-оналар (улардан бири)га нисбатан, аҳволни психологик таҳлил қилиш (оилавий можаро) бўйича ҳам ўтказилиши мумкин. Бироқ суд экспертизасининг хулосаси, васийлик ва ҳомийлик органининг хулосаси ҳам далиллардан бири бўлиб, ишдаги бошқа далиллар йиғиндиси билан биргаликда суд томонидан баҳоланиши лозимлигини эътиборга олиши керак.

Боладан алоҳида яшаётган ота-онанинг ҳуқуқидан келиб чиққан ҳолда у билан кўришишда, шунингдек вояга етмаганнинг шу ота-она билан кўришиш ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш заруратидан келиб чиқиб, суд ҳар бир аниқ ишнинг ҳолатларини инобатга олиб ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида кўрилиш тартибини (вақти, жойи, кўришиш давомийлиги ва ҳ.к) баён этиши лозим.

Бола билан ота-онанинг кўришиш тартибини белгилашда боланинг жисмоний ва руҳий соғлиғи, унинг ахлоқий камолотига таъсир қиладиган ҳолатлар, боланинг ёши ва соғлиғининг ҳолати, боланинг ота (она)га боғлиқлиги ва бошқа ҳолатлар инобатга олинади, Белгиланган кўришиш тартиби боланинг манфаатига жавоб бериши ва ижро этиш имконияти мавжуд бўлиши лозим.

Истисно ҳолларда, боладан алоҳида яшаётган ота-онанинг бола билан кўришиши унга зарар етказиши мумкин бўлса, суд Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 75-моддаси 2-қисмига мувофиқ, ота-онанинг ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларнинг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмаслигидан келиб чиқиб, суд ота-онанинг бола билан кўришиш тартибини белгилаш ҳақидаги даъвосини, қабул қилинган қарорда асослантирган ҳолда рад қилишга ҳақли.

Суд алоҳида турадиган ота ёки онанинг боласини тарбиялашда иштирок этиш тартибини белгилайди ва бола билан бирга турадиган ота ёки онага бунга қаршилик кўрсатмаслик мажбуриятини юклайди.

Суднинг ҳал қилув қарори қасддан бажарилмаган тақдирда суд боладан алоҳида яшаётган ота (она)нинг талабига биноан бола манфаатларини ва унинг фикрини ҳисобга олган ҳолда болани унга бериш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилиши мумкин.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинмаган ота-оналарнинг, қонунга ёки суднинг ҳал қилув қарорига мувофиқ, бошқа шахслар ихтиёридаги болаларини тарбиялашларига монелик қиладиган ҳолатларни бартараф этиш тўғрисидаги масала ҳам судлар томонидан худди шундай ҳал этилиши лозимлиги белгилаб берилган.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз томонидан навқирон авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши учун барча ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилган. Жумладан, бугунги кунда болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий базанинг мавжудлиги мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ишончли кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

 

 

А.А.Касимов - Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судьяси




Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook | Telegram | Telegram murojaat | Youtube | Instagram