ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШ ҲАМДА ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА
2024-02-15 15:16:10 142
“Давлат хизматлари кўрсатиш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-905-сонли Ўзбекистон Республикасининг қонуни мазмун-моҳияти
Сўнги йилларда мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, шунингдек архив иши соҳасида зарур инфратузилмани яратиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу борада “Давлат хизматлари кўрсатиш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2023 йил 7 февраль кунги ЎРҚ-905-сонли Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг қонунларига фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан кўриб чиққанлик ёки давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи, йиғимлар ёки бошқа тўловлар тўланганлиги ҳақидаги тўлов ҳужжатларининг кўчирма нусхаларини тақдим этиш тўғрисидаги талаб бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Юридик шахсларни Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритиш тартиб-таомили ҳам соддалаштирилмоқда. “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги аризани рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан кўриб чиқиш муддати 15 кундан 10 кунга камайтирилишини, “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига эса адвокатга гувоҳнома бериш муддати камайтирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига адвокатлик бюроларини, адвокатлик фирмаларини ва адвокатлар ҳайъатларини рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) ҳамда юридик маслаҳатхоналарни қайта рўйхатдан ўтказиш функциялари адлия органларидан Давлат хизматлари марказларига ўтказилишини, шунингдек рўйхатдан ўтказганлик учун тўланадиган давлат божлари миқдорлари камайтирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бунда боғдорчилик-узумчилик ширкатларини, матлубот, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги кооперативларини рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) ҳам Давлат хизматлари марказларининг зиммасига юклатилмоқда.
Мазкур Қонун давлат хизматлари кўрсатиш тизимини тартибга солиш, уларнинг рўйхатини кенгайтириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, давлат хизматлари кўрсатганлик ва мурожаатларни кўриб чиққанлик учун ундириладиган тўловлар миқдорларини камайтириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ҳуқуқий мақомини қонун даражасида мустаҳкамлаш, шунингдек нодавлат архивларнинг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартиб-таомилини соддалаштириш учун хизмат қилади.
Ш.Мирзаматов - Риштон туманлараро иқтисодий судьяси
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram