КОНСТИТУЦИЯНИ ЎРГАНАМИЗ
2024-01-26 17:59:49 535
Конституцияни ўрганамиз
Конституциямизнинг 20-моддаси: “Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқдир.
Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди.
Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принсипига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.
Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади”.
Фуқаролар ва давлат бир-бири билан муносабатга киришганда турли ҳуқуқ ва мажбуриятларни олади. Масалан, фуқароларга атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбурияти бўлса, давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини рўёбга чиқариш чораларини кўриши керак.
Шунингдек, мазкур моддада инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлари фақат суд томонидан чекланиши ҳамда барча давлат органларининг фаолияти мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликларинидан келиб чиқиши белгиланган.
Қонуннинг асосий мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилишдан иборатдир. Яъни, қонунлар кимгадир ортиқча мажбурият ёки харажат юклаши мумкин эмас. Аксинча, қонунлар воситасида жамият ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинади, инсонлар ҳаёти барқарорлаштирилади ва бир маромда кетиши таъминланади.
Мутаносиблик принсипи ҳам шу мақсадни кўзлайди. Давлат ва инсон ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар турли тушунмовчиликларга, инсон ва фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига олиб келади. Конституциянинг ушбу моддасида номувофиқликлар давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилиши назарда тутилган.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram