КОНСТИТУЦИЯНИ ЎРГАНАМИЗ
2024-01-20 15:26:35 438
Конституцияни ўрганамиз
Конституциямизнинг 21-моддаси: “Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга. Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас.
Инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт.
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин”.
Ривожланиш, яъни камол топтириш ҳуқуқи, кенг қамровли иқтисодий, ижтимоий, маданий ва сиёсий жараён бўлиб, шахснинг фаровонлигини доимий равишда оширишни назарда тутади.
Қонунда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимга юклатилиши мумкин эмас, масалан солиқ кодексида фуқаролар тўлайдиган солиқлар белгиланган, фуқароларга шундан бошқа солиқ тўлаш мажбурияти юклатилиши мумкин эмас.
Жамият манфаатларини кўзлаган ҳолда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш қонунда белгиланган тартиб ва асосларга мувофиқ амалга оширилгандагина қонуний ҳисобланади. Ҳуқуқларни чеклаш асослари эса, авваламбор, жамоат хавфсизлиги ва тартибини таъминлашга, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга йўналтирилган.
Ушбу норма белгиланган ҳолатларда индивидуал ҳуқуқлар, яъни алоҳида шахсга тегишли ҳуқуқлардан жамоавий ҳуқуқларни таъминлаш устувор эканлигини назарда тутади.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram