ФАРЗАНД КАМОЛИНИ КЎРИШ ҲАР БИР ОТА-ОНА УЧУН БУ ЁРУҒ ОЛАМДА ЭНГ КАТТА ВА ЮКСАК БАХТДИР!
2024-01-18 15:10:12 435
Фарзанд камолини кўриш ҳар бир ота-она учун бу ёруғ оламда энг катта ва юксак БАХТДИР!
Фарзандим Ҳикматуллони фан доктори унвони олганлигини эшитиб, аввалида сал тушунмай қолдим. Ахир, менинг фарзандим ўқитувчи бўлса, қанақасига у доктор бўлиши мумкин? Фикрларимни ўқиган қизим Наргизахон: - ойижон, доктор бу дўхтир дегани эмас, бу илмий унвон, бу унвонга ҳамма ҳам лойиқ бўлавермайди. Фарзандингиз филология фанлари доктори, профессор бўлди, деб тушунтиргач, ҳаа, Ҳикматулло тил ва адабиётда дўхтир, яъни маҳоратли мутахассис бўлиб етганини англадим.
Она учун энг катта совға нима деб сўрашганда, мен энг аввало, она учун фарзандлари камолини кўриш, уларнинг муваффақиятига шерик бўлиш буюк бахт деб айтган бўлар эдим. Мен мана шундай бахтли оналардан бири эканлигимдан фахрланаман.
Зотан, инсон фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб, минг орзу ниятлар билан тарбиялайди, ўстиради. Агар инсоннинг орзу-истак ва ниятлари фарзандлари сиймосида амалга ошса, билнингки, у инсоннинг армони йўқ!
4 нафар фарзандим бор – шукр. Барчасини камолини кўриш менга насиб этган. Қизим – Наргизахон маҳаллада хотин-қизлар фаоли бўлиб ишлайди. Буни қарангки, Наргизам ҳам Юртбошимиз назари тушган аёллардан. Ҳалол меҳнати туфайли 2022 йили “Спарк” автомашинасини совға қилишди. Хурсандчилик қўшалоқ келади деганлари шу бўлса керак. Қизим 2022 йилда автомашина совға олди, Ҳикматулло бўлса, 2023 йилнинг аввалида докторлик унвонига эга бўлди.
Янги 2024 йил ҳам энг қувончли хабар билан бизнинг оила учун бошланди. Катта ўғлим Қобилжон Дўстматов учун ҳарбийлик унвонини тиклаб беришди. Қувончим дунёга сиғмас эди. Демак, ҳалол меҳнат ва тинмай қилган сай-ҳаракат ўзининг мевасини берар экан. Дарвоқе, Қобилжонимга 10 йилдан ортиқроқ даври учун меҳнат ҳақини ҳам беришадиган бўлишди.
Давлатимизда адолат устувор, қонун мустаҳкам эканлигидан жуда қувондим ва хурсандчилигим ичимга сиғмади. Мен – Сабохон Дўстматова Ўзбекистоннинг энг бахтли оналаридан бириман. Чунки менинг фарзандларим мени шу бахтга муяссар этишди. Уларга раҳмат!
Азиз ватандош! Тарбия ўчоғи оиладир. Фарзандларингизни ҳурмат, иззат, меҳрибонлик, одамийлик хислатлари руҳида тарбияланг. Улар улғайиб, Сиз берган тарбияга асло хиёнат қилишмайди. Сизларга ҳам улуғ мартабали, юксак унвонли фарзандлар насиб этсин. Фарзанд камолини кўриш ҳар бир ота-она учун бу ёруғ оламда энг катта ва юксак БАХТДИР!
Сабохон Дўстматова – Истиқлол маҳалла фуқаролар йиғини фуқароси
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram