КОНСТИТУЦИЯНИ ЎРГАНАМИЗ
2023-12-07 15:39:07 1287
Конституцияни ўрганамиз
Конституциямизнинг 28-моддаси:
“Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади. Айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади.
Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас.
Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.
Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.
Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас”.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш борасида жиноят процессида айбсизлик презумпсияси одил судловнинг муҳим принсипи ҳисобланади.
Шахсни айбли эканлигига оид ҳар қандай шубҳалар, айблаш учун етарли бўлмаган маълумотлар асосида шахсни жавобгарликка тортиш мумкин эмас.
Шахсни айбдорлигини исботлаш мутлақо суриштирув ва тергов органларининг бевосита вазифасидир. Айни шу боис ҳам, Конституцияда шахсни ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслигига оид қоида мустаҳкамланган.
Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шарт. Фақатгина шахснинг ўз айбини бўйнига олиш ҳақидаги кўрсатмаси уни жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлмаслиги лозим. Бунда шахсни айбдор деб топиш ва уни жазога тортиш учун етарли далиллар тўпланган бўлиши керак.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram