КОНСТИТУЦИЯНИ ЎРГАНАМИЗ
2023-12-04 15:50:26 360
Конституцияни ўрганамиз
Конституциямизнинг 29-моддаси:
“Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.
Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи айбловнинг моҳияти ва асослари тўғрисида хабардор қилиниш, унга қарши ёки унинг фойдасига гувоҳлик бераётган шахсларнинг сўроқ қилинишини талаб этиш, таржимон ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Жиноят учун ҳукм қилинган ҳар ким қонунда белгиланган тартибда ҳукмнинг юқори турувчи суд томонидан қайта кўриб чиқилиши ҳуқуқига, шунингдек афв этиш ёки жазони енгиллаштириш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратади”.
Жиноят процессининг ҳар қандай босқичида адвокат ёрдамидан фойдаланиш деганда, адвокат томонидан терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, биринчи инстансия судида, ҳукмни ижро этиш, апелляция ва кассация тартибида ишларни кўриб чиқишда жиноий таъқибга олинган шахс ҳамда жабрланувчи, гувоҳ ва бошқа шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиниши тушунилади.
Бундан ташқари, мазкур моддада ҳар қандай далил қонуний воситалар ёрдамида олиниши, акс ҳолда, бундай далиллар судда фойдаланилмаслиги белгиланган.
Ушбу модда орқали шахснинг суд ҳукми устидан апелляция ёки бошқа тартибда қайта кўриб чиқиш бўйича талаб қўйиш ҳуқуқи кафолатланган.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram