МЕДИАЦИЯ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИК
2023-11-23 10:25:05 491
Медиация тўғрисидаги қонунчилик
2018 йил 3 июлда Ўзбекистон Республикасининг Медиация тўғрисидаги Қонуни қабул қилинган бўлиб, 2019 йил 1 январдан кўчга кирган.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
медиация — келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули;
медиатор — медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс;
медиатив келишув — медиацияни қўллаш натижасида медиация тарафлари томонидан эришилган келишув;
медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув — тарафларнинг тузилган пайтдан эътиборан медиация тартиб-таомили амалга ошириладиган келишуви;
медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув — низо келиб чиққунига қадар ёки у келиб чиққанидан сўнг тарафларнинг низони медиация тартиб-таомилини амалга оширган ҳолда ҳал этиш зарурлиги тўғрисида тузилган келишуви.
Тарафлар ва медиатор медиация иштирокчиларидир. Жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам медиация тарафлари бўлиши мумкин.
Медиация тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида қўлланилади.
Медиация суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида қўлланилиши мумкин.
Қонунда назарда тутилган ҳолларда, ваколатли давлат органи ишнинг муҳокамасини қолдириб, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш учун муддат тайинлаши мумкин. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида медиация тартиб-таомили амалга оширилган тақдирда, уни амалга ошириш даврида ижро ишини юритиш тўхтатиб турилади.
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида давлат органининг бевосита аралашуви тақиқланади.
Судда иш қўзғатилганидан кейин медиация тартиб-таомилини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари процессуал қонунчиликда белгиланади.
Суд муҳокамаси жараёнида, низони ваколатли давлат органида кўриш жараёнида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида тарафлар томонидан эришилган медиатив келишув тегишли иш қайси суд ёки ваколатли давлат органининг иш юритувида турган бўлса, дарҳол ўша судга ёки ваколатли давлат органига юборилади.
Суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида тарафлар томонидан эришилган медиатив келишув ижро ҳужжати ўз иш юритувида бўлган давлат ижрочисига дарҳол юборилади.
Низо медиатив келишув билан медиация тартибида ҳал қилинган тақдирда, тўланган давлат божи қайтарилиши лозим, бундан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида медиатив келишув тузилган ҳоллар мустасно.
Давлат органи иштирокида низо келиб чиққан тақдирда, давлат органи медиацияни қўллаш бўйича чоралар кўриши керак.
Ш.Абдуллаев - Фуқаролик ишлари бўйича Сўх туман суди раиси
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram