ЎЗГАЧА ЧИРОЙ ВА ГЎЗАЛИККА ОШНО БЎЛИШ ИСТАГИДА БЎЛСАНГИЗ, СЎХГА КЕЛИНГ!
2023-10-18 15:23:49 846
Ўзгача чирой ва гўзаликка ошно бўлиш истагида бўлсангиз, Сўхга келинг!
Мафтункор ва бетакрор Сўх тумани табиати, ушбу гўшанинг меҳнаткаш халқи журналистлар ва қалам аҳли учун ҳар доим илҳом манбаи ва алоҳида мавзу бўлиб келган. Шу боис, ушбу жаннатмакон гўша ҳар доим ҳам ҳаммани ўзига тортаверади, жалб қилаверади.
Сўх туманига ташриф буюрган “KUN.UZ” ижодкорлари билан туманнинг турли гўшаларида бўлдик. Журналист Сарвар Зиёев ва туманда фаолият олиб бораётган оммавий аҳборот воситалари вакилларига ташкил этилган ўзига хос пресс-турда асосан туманимизнинг мафтункор ва бетакрор табиати, меҳнаткаш халқи, уларнинг бугунги юмушлари, маҳаллалардаги қайнаётган ҳаёт жараёнлари ҳақида лавҳалар таёрланди.
Демурсад маҳалласининг тоғолди ҳудудида салкам 1 гектар ер майдонида ташкил этилган Рауф-ота Сўфиевнинг боғи, Чашманинг тарихий ва ҳамиша сероб булоғи, асалчи Асалбек Муртазобеков, 3 дона куркадан 600 бош сергўшт паррандагача етказган ёш тадбиркор Нуриддин Усмоналиев хонадонларида бўлдик. Айтганча, Сўхнинг бетакрор ва гўзал, мафтункор табиати ҳам тарихга муҳрланди.
Суратга олинган лавҳалар, фотодастгоҳга муҳрланган Сўх ҳаётидаги турли янгиланиш ва жараёнлар бевосита Республика халқига бирин-кетин тақдим этилади. Зотан, Ватаннинг ҳар бир қарич тупроғи, ҳатто майда тоши ҳам биз учун азиз – унда Ватан тарихи мужассам, ва, ўзгача чирой ва гўзаликка ошно бўлиш истагида бўлсангиз, албатта, жаннатмакон гўша - Сўхга келинг!
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram