АЛИМЕНТ УНДИРИШ БЎЙИЧА СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛИНГАНДА ДАВЛАТ БОЖИ ТЎЛАНМАЙДИ.
2023-08-25 16:54:31 660
Алимент ундириш бўйича судга мурожаат қилинганда давлат божи тўланмайди.
Ҳар бир ота-она ўз болаларига таъминот бериши шарт. Бу боланинг конституциявий ҳуқуқи бўлса, ота-онанинг конституцион мажбурияти ҳисобланади.
1. Болага алимент тўлаш учун ота-она ажрашган бўлиши шарт эмас.
Агар ота-она болага таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий бажармаса, суд асосида алимент ундирилади.
Бола деганда – 18 ёшга тўлмаганлар тушунилади.
Болага таъминотни ихтиёрий бериш ёки алимент ундириш учун ота-она ажрашган бўлиши шарт эмас. Ота-она бирга яшаши ёки бирга яшамаслигидан қатъий назар, ҳар қандай ҳолатда болага таъминот берилиши шарт.
Шунингдек ота-она вояга етган, яъни 18 ёшдан ошган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига ҳам таъминот бериши керак.
Ота-она болаларига таъминот бериш учун алимент тўлашни ўзаро келишиб ҳал қилиши мумкин. Лекин бу келишув боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак, масалан алимент миқдори қонунчиликда белгилангандан кам бўлмаслиги шарт.
Алимент келишуви ёзма шаклда тузилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. Кейинчалик мазкур келишувга мувофиқ алимент тўланмаса, шу келишув асосида алимент мажбурий ижро бюроси идоралари томонидан ундирилиши мумкин.
2. Алимент бўйича даъволар давлат божидан озод қилинади.
Болага таъминот берилмаганида, ота ёки она исталган вақтда алимент ундириш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши мумкин.
Алимент ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича давлат божи ундирилмайди.
Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади. Агар болага таъминот бериш бўйича аввалдан ота (она)га мурожаат қилинган бўлса, лекин улар тўламасдан юрганлиги аниқланса, олдинги 3 йиллик учун алимент ундирилиши мумкин.
3. Алимент миқдори ҳар бир бола учун 260 минг сўмдан кам бўлмаслиги лозим.
Ота-она ўртасида алимент бўйича келишув бўлмаса, алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадидан қуйидаги миқдорида ундирилади:
– бир бола учун – тўртдан бир қисми (масалан, ота (она)нинг ойлиги 6 млн сўм бўлса, алимент 1,5 млн сўм);
– икки бола учун – учдан бир қисми (масалан, ота (она)нинг ойлиги 6 млн сўм бўлса, алимент 2 млн сўм);
– уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси (масалан, ота (она)нинг ойлиги 6 млн сўм бўлса, алимент 3 млн сўм)
Алимент миқдори ота-онанинг моддий ёки оилавий аҳволи ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Шу билан бирга, ҳар қандай ҳолатда ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан (259 минг 700 сўмдан) кам бўлмаслиги керак.
Бола оғир шикастланганда, касал бўлганда ва бошқа фавқулодда ҳолатларда ота-она алиментдан ташқари қўшимча пул (харажат) бериши керак. Ота-она қўшимча харажатдан бош тортса пул суд қарори билан ундирилади.
4. Бола тўлиқ давлат таъминотига ўтказилган бўлса, алимент бекор қилиниши мумкин.
Алимент миқдори қуйидаги ҳолатларда суд томонидан камайтирилиши мумкин:
– ота (она)нинг бошқа вояга етмаган болалари бўлса, ундан юқорида келтирилган миқдорда алимент ундирилганда ўзидаги болалари алимент олаётган болаларига нисбатан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса;
– ота (она) ногирон бўлиб моддий жиҳатдан қийналиб келаётган бўлса;
– алимент олаётган шахс (бола) мустақил даромадга эга бўлса (масалан, болаларга 14 ёшдан ишлашга рухсат берилган, шунда мустақил даромади бўлиши мумкин).
Шунингдек, бола давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлса, суд алиментни камайтириши ёки ота (она)ни алиментдан озод қилиши мумкин.
5. Алимент тўлайдиган ота (она) иш жойи ўзгарганда, МИБни хабардор қилиши керак.
Алимент ота (она)нинг шахсан ўзи томонидан тўланади ёки аризасига кўра иш жойида, пенсия, нафақа, стипендия ва бошқа турдаги маблағ олаётган жойида тўланади.
Алимент тўлайдиган ота (она) ишлайдиган иш берувчи ёки пенсия, нафақа, стипендия олаётган жойидаги ташкилот алиментни уларнинг даромадидан ушлаб қолиши ва болага етказиши керак. (Давоми бор)
МИБ Сўх тумани бўлими
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram