СЎХДА ЯНГИ ҲАЁТ НАФАСИ
2023-08-25 16:38:24 155
Сўхда янги ҳаёт нафаси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятининг анклав ҳудуди – Сўх туманида бугунги кунда 82 минг 500 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда ижтимоий-иқтисодий соҳани жадал ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида сўнгги йилларда салмоқли ишлар олиб борилмоқда.
Туманнинг “Сариканда”, “Ҳазрат Али”, “Ҳушёр”, “Тул”, “Равон”, “Ленбург”, “Демурсад”, “Қалъача”, “Ғазнов”, “Офтобру”, “Сўх”, “Чашма”, “Шарқобод”, “Янгиариқ”, “Қақир” каби маҳалла фуқаролар йиғинларида тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 274 километр масофада янги тармоқларни тортиш ишлари босқичма-босқич амалга ошириляпти. Бундан ташқари туман бўйлаб 30 та ичимлик суви иншооти қурилади ва реконструкция қилинади. Буларнинг бари Сўхда сув таъминоти масаласида йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга узил-кесил барҳам беради.
Туман иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш, бунинг учун хизмат кўрсатиш, сервис, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш билан боғлиқ чора-тадбирлар ҳам амалий тасдиғини топаётир. Жорий йилда биргина хизмат кўрсатиш соҳасида 185 та лойиҳани рўёбга чиқариш ҳисобидан 730 та иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни ўзлаштириш, ирригация-мелиорация тадбирларини амалга ошириш, чорвачилик, шу жумладан, паррандачилик ва балиқчилик тармоғини янада кенгайтириш ишлари изчил давом эттириляпти. Туманда айнан картошка етиштириш борасида ўзига хос тажриба мактаби яратилганини ҳам таъкидлаш жоиздир.
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram