БИЛАСИЗМИ?
2023-07-27 20:08:35 143
Дарахт кесиш, чек бермаслик, коррупсия, энергия ўғирлаш: ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар қилинганда қандай мукофот берилади?
Олий суд тақдим қилган малумотларга кўра, Ўзбекистонда жиноятчилик сони ошиб бормоқда, хусусан, 2019 йил бутун давр мобайнида биринчи инстансия судларида 28 846 та жиноят иши кўриб чиқилган бўлса, 2023 йилнинг 3 ойи давомида 14 354 та иш кўрилган.
Жамиятда жиноятларнинг олдини олиш, уларга барвақт чек қўйишда оддий фуқаролар қандай ҳисса қўшишлари мумкин?
Қонунчиликда фуқаролар бир қатор ҳуқуқбузарликлар тўғрисида давлат органларига хабар берганда мукофот пули бериш назарда тутилган. Қуйида қонунчиликни таҳлил қилиш жараёнида аниқланган, ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берилганда мукофотлаш назарда тутилган айрим ҳуқуқбузарликлар ҳақида маълумот берилади.
1. Йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид хуқуқбузарликлар
Йўл ҳаракати қоидаларига оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида эжарима портали орқали хабар берилади ва хабар берган шахсга БҲМнинг 5 фоизи (16 минг 500 сўм) миқдорида мукофот берилади.
2. Дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш ва шикастлашга оид ҳуқуқбузарликлар
Дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни ноқонуний кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосурат ва видеоёзувлар Экология вазирлигининг “Ekonazorat” порталига юборилганида БҲМнинг 1 баравари (330 минг сўм) миқдорида мукофот берилади.
3. Коррупсияга оид жиноятлар
Коррупсияга оид ҳуқуқбузарлик тўғрисида Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига хабар берилади, ҳуқуқбузарлик туридан келиб чиқиб БҲМнинг 7 бараваригача (2 млн 310 минг сўмгача) мукофот берилади.
4. Чек бермасдан савдо қилишга оид ҳуқуқбузарликлар
Касса-аппарат ва терминал ишлатиш тартибини бузиш, нақд пул ёки пластик орқали тўловга қараб нархни ошириш, рўйхатидан тадбиркорлик қилиш, қалбаки маркировка ёки маркировкасиз товар сотиш, харид чекини бермаслик ҳақида хабар берилганда жарима миқдорининг 20 фоизи миқдорида мукофот берилади.
Ушбу ҳуқуқбузарликлар ҳақида “Soliq” мобил иловаси орқали хабар бериш мумкин.
5. Молиявий назоратга оид қоидабузарликлар
Давлат молиявий назоратига оид қоидабузарликлар тўғрисида “Davlat auditi” тизими орқали хабар берилади ва ундирилган жарималардан келиб чиқиб мукофот пуллари тўланади.
6. Муддати ўтган, контрафакт ва яроқсиз товарларга оид ҳуқуқбузарликлар
Сақлаш муддати ўтиб кетган, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарлар ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади. Рағбатлантириш миқдори ҳамда электрон хабар юбориш тизими ҳали ишлаб чиқилмаган.
7. Ёқилғи-энергия соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар
2023 йил 1 сентябрдан электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидалари бузилган ҳолатлар бўйича фото ва видеотасвирларни Энергетика вазирлигининг махсус ахборот тизимига юбориш орқали мукофот пули олиш мумкин бўлади. Мукофот миқдори ва “ Energonazorat” портали энди ишлаб чиқилмоқда. Платформа 2024 йил 1 мартдан амалга тўлиқ киритилади.
8. Ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга оид ҳуқуқбузарликлар
Ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари тўғрисида Кадастр агентлиги ва унинг ҳудудий тузилмаларига маълумот берган шахслар, БҲМнинг 10 фоизи (33 минг сўм) пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Рахмонов Искандарбек Дилшоджон ўғли - Фарғона шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram