ДАВЛАТ ЭЪТИБОРИ АСОСИДА УЧ НАФАР СЎХЛИК АЁЛЛАР УМРА ЗИЁРАТИНИ АДО ЭТИБ КЕЛДИЛАР
2023-04-06 17:09:59 119
Давлат эътибори асосида уч нафар Сўхлик аёллар умра зиёратини адо этиб келдилар
Ҳар бир мусулмон банда умрида Ҳаж зиёратини адо қилишни албатта орзу қилади. Фуқароларимизнинг бундай эзгу ният ва орзулари бугун давлатимиз раҳбари эътибори асосида ушалмоқда. Бу албатта, инсон қадри улуғлиги ва фуқароларимиз манфаати юксаклигидан далолатдир. Инсонга бўлган юксак эътибор бугун орзулар руёбининг асосий омили бўлиб хизмат қилаётир.
Ўзбекистон Республикаси дин ишлари бўйича қўмитанинг Сўх тумани вакили Тожибой Додобоевнинг сўзларига кўра, бундай улуғ бахтга туманимиздан уч нафар нуроний онахонларимиз муваффақ бўлдилар. Бевосита давлатимиз раҳбари эътибори асосида улар умра зиёратини адо этиб келдилар.
Бундай бахтли инсонларнинг бири туманимизнинг Чумоқча маҳалласида истиқомат қиладилар. Лайлихон Ғиёсова бир умр ҳажга боришни, муқаддас Каъбатуллоҳни зиёрат қилишни ният қилганлар. Умра зиёратидан қайтган опанинг хонадонида бўлдик.
- Таассуротларим бир олам. Армоним йўқ. Бунинг ҳаммаси Президентимизнинг эътибори, уларнинг биз каби инсонларга бўлган ғамхурлиги натижасидир. Бундай эътибор ва ғамхурлик учун давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорчилик билдираман. Давлат ҳисобидан, бепул ҳаж зиёратини адо этиш барчага эртакдек туюлади. Бундай имконият бизнинг Ватанимиз, янги Ўзбекистонда бор холос, - дея дуога қўл очди Лайлихон-опа.
Дарҳақиқат, бугун “инсон қадри учун” деган тамойил амалда ўз исботини топмоқда. Аслида, инсон қадрини улуғлаш, айниқса, кам таъминланган ва эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш одамийликнинг энг олий мезони саналади. Бу мезон бизнинг давлатимизда қадрият даражасига кўтарилган.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram