“МАЪНАВИЯТ ФЕСТИВАЛИ” СЎХ ТУМАНИДА КЎТАРИНКИЛИК БИЛАН ЎТМОҚДА
2023-04-01 16:46:51 119
“Маънавият фестивали” Сўх туманида кўтаринкилик билан ўтмоқда
Айни кунларда вилоятимиз бўйлаб “Халқ Конституцияси билан халқчил давлат сари!” шиори остидаги маънавият фестивали ўтказилмоқда. Таниқли шоир ва олимлар, маънавият ва маърифат тарғиботчилари, профессор-академиклар, санъат усталари иштирокида бўлиб ўтаётган тадбирларда янгиланаётган янги Ўзбекистон Конституциясининг мазмун-моҳияти ҳақида маълумотлар берилмоқда.
Пурвиқор тоғлар бағрида жойлашган Сўх туманидаги маънавий-маърифий тадбирлар Соҳибкор маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли билан мулоқотдан бошланди. Меҳмонлар - Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо, "Маърифат" тарғиботчилари жамияти аъзоси Жамила Шермуҳаммедова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилфуза Раҳимова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Турғун Бекназаровларни маҳалла аҳли самимийлик билан кутиб олдилар.
Самимий учрашувда барча фуқаролар шукроналикларини изҳор қилишди. Хонадонларда бўлган меҳмонлар ҳатто фуқароларимиз билан полиз экинлари ва картошка экишда иштирок этдилар.
Мазкур маҳалладаги 27-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган Маънавият фестивалида янгиланаётган Конституциянинг мазмун-моҳияти хусусида гапирилди. Янги Конституциянинг негизида инсон қадр-қиммати ва манфаати олий қадрият даражасига кўтарилгани тўғрисида маълумотлар берилди.
Санъаткорлар томонидан ижро этилган қўшиқлар кечага файз бағишлади. Санъаткорларга ҳамовоз бўлган тадбир иштирокчилари бўлажак Референдумда фаоллик билан қатнашишни алоҳида қайд этиб ўтдилар.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram