НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАРНИНГ АУЦИОН ОРҚАЛИ ЕР УЧАСТКАСИ СОТИБ ОЛИШ ХАРАЖАТЛАРИНИНГ БИР ҚИСМИ ҚОПЛАБ БЕРИЛАДИ
2023-03-31 17:46:12 135
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ауцион орқали ер участкаси сотиб олиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади
Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 23-мартда 122-сонли “Ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг электрон онлайн-ауцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисида” низоми тасдиқланди.
Низомга кўра, ер участкасини ауцион орқали сотиб олиш харажатларидан келиб чиққан ҳолда, оиласи таркибида ногиронлиги бўлган шахслар сонидан қатъи назар, БҲМнинг 100 бараваригача (30 млн сўмгача) миқдорда бир марталик тўлов ажратилади.
Бунда харажатлар ушбу миқдордан юқори бўлган ҳолларда БҲМнинг 100 бараваригача (30 млн сўмгача) бўлган қисми қоплаб берилади.
Имтиёзли тоифадаги шахслар қуйидаги мезонларга мувофиқ келиши керак:
охирги 12 ой давомида ўзи ёки оила аъзолари номида яшаш учун мўлжалланган турар жойи ёки ер участкаси мавжуд бўлмаслиги;
ер участкаси охирги 3 ой ичида ауцион орқали харид қилинган ва Ўзбекистон ҳудудида бўлиши;
ногиронлиги бўлган шахс деб топилган, шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”нинг бирида турган бўлиши.
Имтиёзли тоифадаги шахс ауцион орқали ер участкаси сотиб олгандан бошлаб 3 ой ичида ўз ҳудудидаги туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимига мурожаат қилиши лозим (ушбу муддатдан кечикиб берилган аризалар кўриб чиқилмайди).
Маблағ ажратиш тўғрисида белгиланган тартибда қарор қабул қилингандан сўнг 5 иш кунида имтиёзли тоифадаги шахсларнинг аризасида кўрсатилган банк пластик ҳисобварағига маблағ ўтказилиши таъминланади.
Шохрух Собиров - Риштон туман адлия бўлими Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлинмаси бош маслаҳатчиси
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram