МАҲАЛЛАЛАР ОБОДЛИГИ ВА ТОЗАЛИГИ ЙЎЛИДА ҲАШАРЛАР ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА
2023-03-16 18:22:09 227
Маҳаллалар ободлиги ва тозалиги йўлида ҳашарлар ташкил этилмоқда
Ота-боболаримиздан бизгача етиб келган, азалий мерос сифатида аждодлардан авлодларга улашиб келинаётган қадриятлар борки, инсонларни бир-бирига яқинлаштиради, аҳил-иноқ бўлиб умргузаронлик қилишга ундайди. Бундай удум ва анъаналар халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигидан нишона.
Ҳашар мана шундай миллий анъаналаримизнинг биридир. “Ҳашар элга ярашар” деган нақл бор халқимизда.
Баҳор фасли келиши билан юрт ободлиги ва озодалиги мақсадида ҳашарлар ташкил этилади. Ҳашар ва халқимизнинг бирдамлиги орқали кўп муаммо ва камчиликлар ҳал этилган.
Янгиариқ ва Офтобру маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қиладиган аҳоли ҳам ҳар йили маҳалла ариғини тозалаш мақсадида ҳашарлар ташкил этишади. Ҳашарга чиқиб, унда иштирок этиш янгиариқликлар ва офтобруликлар учун анъанага айланиб улгурган. Ҳар йили узунлиги салкам 15 километр бўлган маҳалла ариғи мана шундай аҳиллик ва бирдамликда тозаланади.
Бугун ҳам маҳаллалар аҳли фаоллик билан ҳашарда иштирок этдилар. Бу ариқнинг сувидан ҳам аҳоли, ҳам “Сўх” ширкат хўжалиги ижарачилари ва фермерлар истеъмол қилишади, бу ариқнинг сувидан минглаб гектар ер майдонлари суғорилади.
Дарҳақиқат, мана шундай удум ва анъаналар борки, ҳалқимизни янада бири-бирига яқинлаштириб, улар орасида меҳр-оқибатни янада мустаҳкамлайди. Бугун эрта ариқни тозалаш ишлари охирига етказилиб, ушбу ҳудуд аҳолиси оби ҳаёт неъматидан баҳраманд бўладилар.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram