ОҒУФУРУШЛАР УЗОҚ МУДДАТГА ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ
2023-02-15 10:49:50 135
Оғуфурушлар узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди
Судланувчи А.Намозов (исм, фамилиялар ўзгартирилган) 2021 йил
15 ноябрь куни қўшни давлат фуқароси “Абдурасул” билан жиноий тил бириктириб, ундан 500 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 3000 АҚШ долларига сотиб олишга келишиб, Фарғона тумани Лоғон қишлоғи ҳудудидаги давлат чегараси яқинига бориб, чегара сим тўсиқлари устидан “Абдурасул” улоқтирган гашиш гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб, унга келишилган 3000 АҚШ долларини сим тўсиқлари устидан улоқтириб бериб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига контрабанда йўли билан, яъни божхона назоратини четлаб, кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситасини олиб ўтган.
Шундан сўнг А.Намозов ўзининг ҳамтовоқлари Т.Шокиров ва Ж.Хожамовлар билан Фарғона шаҳрида учрашиб, Т.Шокировга юқоридаги гиёҳвандлик воситасини пулини кейин бериш шарти билан 4000 АҚШ долларига сотишга келишиб, контрабанда йўли билан олиб келган гиёҳвандлик воситасини бериб, ундан гаров сифатида Ж.Хожамов бошқарувидаги “Нексия” русумли автотранспорт воситасини олиб қолган.
Судланувчи Т.Шокиров ва Ж.Хожамовлар эса шу куни 500 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини олиб, Тошкент шаҳрига қайтиш мақсадида Марғилон шаҳар ҳудудидаги “Фарғона-Тошкент” йўналишида қатновчи таксилар тураргоҳига борган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинишган.
Оғуфурушларга оид мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Сўх туман суди томонидан кўриб чиқилиб, судланувчи А.Намозов ва Т.Шокировлар Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 10 йил 6 ой ҳамда Ж.Хожамов эса 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.
Шерзод Мадумаров - Жиноят ишлари бўйича Сўх туман судининг раиси
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram