Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 142 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

МАМЛАКАТИМИЗДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРИ ИНСОНПАРВАРЛИК ПРИНЦИПИНИНГ АМАЛДАГИ КЎРИНИШИДИР

×

 2022-12-01 18:08:25    106

PDF юклаш
Чоп этиш


Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари инсонпарварлик принципининг амалдаги кўринишидир

 

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Бу соҳадаги ислоҳотлар демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуришнинг замонавий стратегиясини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Дарҳақиқат, ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилаётган ушбу даврда жиноий жазо чоралари ва жиноят содир қилишда айбдор бўлган шахсларга нисбатан жазо тайинлаш масалалари давр талаби даражасида ташкил қилишни тақозо этади ва у ҳозирги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Демак, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий йўналиши сифатида жиноят қонунини либераллаштириш:

 биринчидан, давлатимизнинг қонунчилик амалиётида биринчи марта амалдаги кодексларга ўзгартиришлар киритувчи ёки уларни тўлдирувчи нормалар моҳиятига кўра қонуннинг орқага қайтиш кучига эгалигини ифодалайди, чунки унга кўра, жиноят содир этишда айбланаётган фуқароларга тайинланган жазолар либераллаштирилмоқда ёки жавобгарлик ёхуд жазодан озод қилиш мумкин бўлган нормалар доираси кенгайтирилмоқда;

иккинчидан, жиноят қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар жиноий таъқиб этиш ҳамда жиноятларни судда кўришнинг асослари ва асосий принципларини тубдан ўзгартиришига олиб келди;

учинчидан, киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, биринчи навбатда, айрим жиноят-ҳуқуқий нормаларда сақланиб қолган собиқ ҳукмрон режим асоратларини бартараф этишга хизмат қилди;

тўртинчидан, ривожланиб бораётган демократик жамиятнинг қонунлари хусусиятининг ўзиёқ, уларга ихтиёрий тарзда ва сўзсиз риоя этилиши ҳамда ижро қилинишини тақозо этиб, қонун устуворлигини таминлашга хизмат қилмоқда.

бешинчидан, Ўзбекистон Республикасининг бугунги кундаги жиноятга оид сиёсати баъзи бир МДҲ, шунингдек, чет мамлакатлар қонунчилигидан фарқли равишда, энг илғор, инсонпарварлик ғояларига асосланган бўлиб, бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами ва мазмуни жиҳатидан улардан анча олдинга илғорлаб кетилди.

Республикамизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва унинг асосий йўналиши бўлмиш жиноят қонунини либераллаштириш жараёнини таҳлил қилган ҳолда ўрганиб, қуйидаги фикр ва хулосаларга келдик:

- Жиноят қонуни Ўзбекистон Республикаси Олий давлат ҳокимияти органи - Олий мажлиснинг норматив (меъёрий) ҳужжати бўлиб, у жиноят ҳуқуқининг умумий принциплари ва вазифалари, айрим жиноий қилмишларнинг белгилари, уларни содир этганлик учун жазо чораларини белгилайди;

 - Жиноят қонунини либераллаштиришдан мақсад, жиноят содир этган шахсни жамиятдан ажратмаган ҳолда бошқа енгилроқ жазо тайинлаш йўли билан жамиятга қайтариш имкониятини яратиш, яъни уни ахлоқан тузатишдан иборат бўлиб, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари даврида жиноятчиликка қарши кураш чораларини намоён қилади;

 - жамият ва давлатда юз берган ижтимоий сиёсий ўзгаришлар жазо тизими, уларнинг жойлашиш тартиби, ўз аҳамиятини йўқотганларини бу тизимдан чиқариб ташлаш ёки янги жазо турини киритилишига таъсир қилади.            

 Юқоридагиларга кўра, жиноят қонунини либераллаштиришнинг кейинги босқичларида, назаримизда, қуйидагилар амалга оширилиши керак:

 1. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 42-моддасига кўра, “жазо жиноят содир этишда айбдор деб топилган шахсга нисбатан давлат номидан суд ҳукми билан қўлланиладиган ва маҳкумни қонунда назарда тутилган муайян ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилиш ва уларни чеклашдан иборат мажбурлов чорасидир”, қонунда берилган ушбу таъриф тўлиқ ва аниқ бўлишига қарамасдан, жазонинг ҳуқуқий категория сифатида судланганлик оқибатини келтириб чиқариши тўғридан-тўғри қонунда назарда тутилиши керак.

2. Жиноят қонунида назарда тутилган ва содир этилган жиноят учун қўлланиладиган бошқа-ҳуқуқий таъсир чоралари, жумладан, тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари, вояга етмаганларга қўлланиладиган мажбурлов чоралари жазо тушунчаси доирасига кирмайди ва жиноий жазо каби судланганлик оқибатини келтириб чиқармайди, чунки ушбу чоралар, аввало, жиноят содир этган шахснинг манфаатлари (соғайиши, таълим олиши ва бошқа) учун қўлланилиб, жазога хос бўлган хусусиятларга эга эмас.

3. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексида назарда тутилган жазо тизимини ўрганиш, бугунги кунда жазо тизими янада либераллаштирилиши ва бу борада жамиятдан ажратиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари доираси кенгайтирилишини талаб этади, бу борада жазо тизимини ислоҳ қилишга мақсадга мувофиқдир.

4. Жиноят Кодексида белгиланган вояга етмаганларга нисбатан жазо тайинлаш тизимини қайтадан кўриб чиқиб, мулоҳаза юритиб, аввало миллий ўзлигимиздан келиб чиқиб, қолаверса ривожланган мамлакатлар тажрибасини таҳлил қилиб, бозор иқтисодиёти шароитида ўзининг самарасини бериши мумкин бўлган жазо турлари киритилса, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга ва суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ҳамда либераллаштиришга қаратилган ислоҳотларни амалга оширилишига қаратилган яна бир ижобий қадам бўлар эди.

 

 

Х.Холиқов - Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси               


Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook | Telegram | Telegram murojaat | Youtube | Instagram