Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 157 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ЖАМОАТ ТАРТИБИГА ҚАРШИ ЖИНОЯТЛАР ТУРКУМИДАН - БЕЗОРИЛИК ЖИНОЯТИ ТУШУНЧАСИ ВА БУ ЖИНОЯТНИНГ АЛОҲИДА ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

×

 2022-09-30 19:01:16    125

PDF юклаш
Чоп этиш


Жамоат тарти­би-одамлар ўртасидаги муносабат­ларни, хавфсизлик ва фуқаролар тинчлигини таъминловчи, ўзгалар мулкини сақлаш, мулкчилик шаклидан қатъи назар, жа­моат ва давлат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар, ташки­лотларнинг бир меъёрда ишлашини таъминлашга қаратилган ах­лоқ ва ҳуқуқ нормаларига асосланувчи тартиб.

Объектив томондан безорилик жами­ятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш натижасида анча миқдорда зарар етка­зишда акс этади.

Жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимаслик де­ганда қонунларга, ахлоқ-одоб нормаларига, жамиятда мавжуд бўлган урф-одат ва анъаналарга ҳурматсизлик тушунилади.

Жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимаслик мўлжалланмаган жойларда алкоголли ичимликларни ичиш, фуқа­роларга ҳақоратомуз муомала ва шилқимлик қилиш, уят сўзлар билан сўкиниш, жамоат жойларида очиқчасига ҳожат чиқариш, яланғоч ҳолда бўлиш, ҳайвонлар билан шафқатсиз муносабатда бўлиш, ўсимликларга зарар етказиш ва ҳоказоларда ифодаланади.

Жамиятдаги юриш-туриш қоидаларининг бузилиш факти ўз-ўзидан жи­ноят қонунига мувофиқ жазога лойиқ бўлган безорилик таркибини ташкил этмайди, балки маъмурий ҳуқуқбузарликни ташкил этади.

Судлар безорилик жинояти билан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланмиш майда безориликни бир-биридан фарқлашлари зарур. Майда безорилик тушунчаси Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида берилган бўлиб, унинг мазмунига кўра, ушбу ҳуқуқбузарлик жамоат жойларида уятли сўзлар айтиш ёки шундай сўзлар билан сўкиниш, беҳаё қилиқлар кўрсатиш ёхуд одамларга нисбатан ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартиби ва фуқаролар осойишталигини бузиш каби жамиятда юриш-туриш қоидаларини очиқдан-очиқ менсимаслик ҳаракатларида ифодаланади. Бунда ЖК 277-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноий оқибатлар мавжуд бўлмаслиги керак. Гуруҳ томонидан содир этилган майда безориликни, башарти, уларнинг ҳаракатида ЖК 277-моддасининг 1-қисми аломатлари бўлмаса, ЖК 277-моддаси 2-қисмининг "б" банди билан квалификация қилиш мумкин эмас.

Шунингдек, хавфли рецидивист томонидан содир этилган майда безорилик ҳам ўз-ўзидан жиноий жавобгарликни келтириб чиқармайди.

Агарда майда безорилик ҳаракатлари давом этиб, айбдорнинг кейинги ҳаракатлари шахсни уриш-дўппослаш, унга енгил тан жароҳати етказиш ёки мулкка анча миқдорда шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш билан содир этилган бўлса, шахс маъмурий жавобгарликка тортилмасдан, фақат ЖК 277-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилади.

Жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиш билан уриш-дўппослаш ёки баданга енгил шикаст етказиш ёхуд ўзганинг мулкини нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш ўртасидаги алоқа безорилик объектив томонининг муқаррар белгиси ҳисобланади.

Кўриб чиқилаётган модда маъносида уриш-дўппослаш деганда айбдор томонидан жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузиб, шахснинг баданига шикаст етказмаган ҳолда бир неча зарба бериш тушунилади.

Безориликни содир этиш чоғида баданга енгил шикаст етказиш соғлиқнинг бузилишига олиб келиши ҳам, олиб келмаслиги ҳам мумкин.

ЖК 277-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ва уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш билан боғлиқ бўлган безорилик уриш-дўппослаш ёки баданга енгил шикаст етказиш амалга оширилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади. Ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёки нобуд қилиш билан боғлиқ бўлган жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиш анча миқ­дорда зарар етказиш тарзидаги оқибатлар юз берган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.

Субъектив томондан безорилик тўғри қасд билан содир этилади. Айбдор жамоат тартибини бузаётгани, уриб-дўппослаётгани, баданга шикаст етказаётгани ёки ўзганинг мулкини нобуд қилаётгани ёки унга шикаст етказаётганини англайди ва бу ҳаракатларни амалга оширишни истайди.

Мазкур жиноятнинг мотиви безорилик, яъни жамиятга очиқдан-очиқ ҳурматсизлик мотиви бўлиб, у ўзини атрофдагиларга ғайриқонуний қарши қўйишда, ўзининг алоҳида шахсиятини намоён қилишда, дағал кучни намойиш этишда акс этади. Бунда жиноий ҳаракат қандай предметга қаратилганлиги ва у қайси ижтимоий муносабатлар тизимида амалга оширилаётганлиги аҳамиятга эга эмас.

Жамиятга очиқдан-очиқ ҳурматсизлик деганда умум эътироф этилган, ахлоқ, ҳукмрон одатлар, анъаналар билан мустаҳкамланган хулқ-атвор қоидалари ва меъёрларини намойишкорона менсимасликни тушуниш лозим.

Безорилик нияти жиноий қилмишнинг ўзи, жамоат тартибини бузиш субъектга лаззат бахш этишини англатади.

Безориликнинг мақсади - дағал зўрлик ишлатиш йўли билан жабрланувчини эсанкиратиб қўйиш, унинг иродасини синдириш, уни ўз ҳукмига бўйсундириш.

Ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо жисмоний шахс ЖК 277-моддаси 1-қисмида назарда тутилган безориликнинг субъекти ҳисобланади, кўриб чиқилаётган модданинг 2 ва 3-қисмлари бўйича эса ўн тўрт ёшга тўлган шахслар ҳам шундай субъект сифатида эътироф этилиши мумкин.

 

 

Х.Холиқов - Жиноят ишлари бўйича

Фарғона туман судининг раиси



Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook | Telegram | Telegram murojaat | Youtube | Instagram