Соҳибкорда туман ҳокими мактаб битирувчилари билан учрашди
2022-06-30 18:14:46 155
Соҳибкорда туман ҳокими мактаб битирувчилари билан учрашди
Айни кунда вилоятимизнинг барча ҳудудларида ҳоким ва битирувчилар учрашуви ташкил этилиб, ўтказилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбари раислигида 2022 йил 15 июнь куни аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва мономарказлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳокимларнинг таълим муассасалари битирувчилари билан учрашувларини ташкил этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, муаммоларини ҳал этиш топшириғи берилган эди.
Соҳибкор маҳалласидаги 27-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтган учрашувда туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев мазкур ҳудуднинг 19, 24 ва 27-сонли умумтаълим мактаблари битирувчилари билан учрашди ва уларнинг муаммолари ва камчиликлари очиқ мулоқот тарзида муҳокама этилди.
Учрашув аввалида туман ҳокими Ўзбекистонда Президентимиз раҳнамолигида таълим соҳасига берилаётган эътибор, соҳани ривожлантириш ва янги Ўзбекистонни барпо этишда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапирди.
Очиқ мулоқот жараёнида ҳар бир битирувчининг қизиқиши ва келгусидаги режалари билан танишган туман ҳокими касб танлашда адашмаслик, севган соҳани ўзлаштиришда астойдил ҳаракат қилиш, Ватан равнақи ва унинг тараққиётига ҳисса қўшишдек эзгу мақсад ҳар битирувчи қалбида ҳар доим жўш ўриб туришини таъкидлади. Билим ва касб чўққиларини забт этилишида давлатимиз раҳбари томонидан берилаётган ҳар бир эътибор ва имкониятдан самарали фойдаланиш лозимлиги қайд этилди.
Очиқ мулоқот жараёнида битирувчиларни касбга йўналтириш борасида ҳам гапирилди. Ўқувчиларга туманда ишсиз фуқароларга яратиб берилаётган шароитлар, янги иш ўринларни яратишда тадбиркорлар ташаббуслари юзасидан маълумот берилди.
Девайрон маҳалласида фаолият олиб бораётган “Tristar GO” текстил корхонаси раҳбари барча иштирокчиларга мазкур корхонадаги шароитлар ва ишлаш учун яратиб берилган қулайликлар ҳақида гапирди. Ўқувчилар, айниқса, ёш қизларни касбга ўқитиш ва бунинг учун бериладиган субсидиялар ҳақида ҳам битирувчиларга маълумотлар берилди.
Айтиш лозимки, туман ҳудудида “Ҳоким ва битирувчилар” учрашуви вилоят ҳокими кўрсатмасига асосан 27 июльга қадар давом этади. Учрашувларни ташкил этиш ва юқори савияда ўтказиш мақсадида 29 нафардан иборат мувофиқлаштириш штаби ҳам ташкил этилган.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати