Яна уч нафар фуқарога Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти топширилди
2022-06-30 18:10:10 139
Яна уч нафар фуқарога Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти топширилди
Туман маданият марказида Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Кавланова Камила Анваровна, туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев, туман секторлар раҳбарлари иштирокида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда уч нафар "фуқаролиги йўқ шахс" мақомида бўлган фуқароларга ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛИК ПАСПОРТИ тантанали тарзда топширилди.
Тадбир аввалида сўз олган туман ҳокими шу кунгача туманимизда 211 нафар фуқароларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти берилганлиги ва бу давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори туфайли амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
Тадбир давомида Комила Кавланова ва туман секторлари раҳбарлари Тошибек Абдуллаев, Раҳимжон Тошбоев, Боғинисо Зиёеваларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортини топширдилар.
- Мана 25 йилдирки, ўз яқинларимни, ота-онамни, қариндош-уруғларимни кўра олмайман. "Фуқаролиги йўқ шахс" мақомида бўлганлигим сабабли ҳатто яқинларимнинг таъзия маросимига ҳам бора олмаганман. Мана бугун Президентимизнинг алоҳида эътибори боис, мен учун дунё кезиш имконияти пайдо бўлди, - дейди 25 йил олдин Қирғизистон республикаси Ҳайдаркон шаҳридан Сўх туманига келин бўлиб тушган Боғинисо Зиёева.
Раҳимжон Тошбоев ва Тошибек Абдуллоевлар ҳам ушбу эътибордан чексиз миннатдор эканликларини самимий сўзлар билан изҳор этдилар. Дарвоқе, Тошибек Абдуллоевга фуқаролик паспорти туман ички ишлар бўлими ҳомийлигида олиб берилди.
Шу кунгача туманимиздаги 227 нафар фуқаролиги йўқ шахсларнинг 211 нафарига Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортлари топширилди. Йил охиригача қолган фуқароларимизга ҳам фуқаролик паспорти расмийлаштириб, топширилади, - дейди туман ички ишлар бўлими бошлиғи Қосимжон Раҳимбердиев.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати