Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 59 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Суд ҳужжатлари устидан келиб тушган апелляция шикоятлари ва протестларини расмийлаштириш тартиби

×

 2022-06-22 08:51:59    127

PDF юклаш
Чоп этиш


Суд ҳужжатлари устидан келиб тушган апелляция шикоятлари ва протестларини расмийлаштириш тартиби


Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 51-бобида суд мажлисининг тайёрлов қисми нормалари ифодаланган бўлиб, мазкур бобнинг 4971-моддасида: Биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари устидан апелляция тартибида шикоят бериш ёки протест билдириш мумкин.

Биринчи инстанция судининг суд муҳокамаси вақтида чиқарилган ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш ва протест билдириш ҳукм устидан шундай ҳаракатларни содир этиш билан бир пайтнинг ўзида амалга оширилиши мумкинлиги ифода этилган.

Мазкур бобнинг 4972-моддасида: Ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят бериш ва протест билдириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар:

Маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек жабрланувчи, унинг вакили суднинг қонуний кучга кирмаган ҳукми устидан шикоят беришга, прокурор ва унинг ўринбосари эса, протест билдиришга ҳақлидир.

Фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари ҳукмнинг фуқаровий даъвога дахлдор қисми устидан шикоят беришга ҳақлидир.

Суд томонидан оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили ҳукмнинг оқлаш сабаблари ҳамда асосларига доир қисми устидан шикоят беришга ҳақлидир.

Ишда тараф бўлмаган шахслар ҳам суд ҳукмининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қисми устидан апелляция тартибида шикоят беришга ҳақли эканлиги кўрсатилган.

Мазкур бобнинг 4973-моддасида: Қонуний кучга кирмаган ҳукмлар устидан апелляция тартибида қуйидагича шикоят берилиши ва протест билдирилиши мумкин:

1) жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг ҳукми устидан — Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар, Тошкент шаҳар судига;

2) ҳудудий ҳарбий судларнинг ҳукми устидан - Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига;

3) Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг ҳукми устидан - Ўзбекистон Республикаси Олий судига;

4) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳукми устидан - мазкур суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига.

Апелляция шикоятлари ва протестлари ҳукм чиқарган суд орқали берилади. Шикоят ёки протест бевосита апелляция инстанцияси судига берилган тақдирда, суд уларни ҳукм чиқарган судга ушбу Кодекснинг 4976-моддасида баён этилган талабларни бажариш учун юборади.

Мазкур бобнинг 4974, 4975-моддаларида: Апелляция шикояти ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, маҳкум, оқланган шахс, жабрланувчи томонидан эса уларга ҳукмнинг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида берилиши мумкин.

Ҳукм устидан шикоят ва протест бериш учун белгиланган муддат ичида иш суддан талаб қилиб олиниши мумкин эмас. Тарафлар шу вақт мобайнида иш билан суд биносида танишишга ҳақли.

Белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган шикоят ёки протест оқибатсиз қолдирилади, бу ҳақда уларни берган шахсларга хабар қилинади.

Ҳукм устидан шикоят бериш ёки протест билдириш муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган ҳолларда апелляция шикояти ёки протести бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ҳукм чиқарган судга муддатни тиклаш сўралган илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин. Зарур ҳолларда, бу масала илтимоснома берган шахснинг иштирокида ҳал қилинади.

Суднинг ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрими устидан апелляция инстанцияси судига хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин бўлиб, у мазкур ажримни бекор қилишга, ўтказиб юборилган муддатни тиклашга ва апелляция шикояти (протести) бўйича ишни кўришга ёхуд ишни ҳукм чиқарган судга ушбу Кодекс 4976-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган талабларни бажариш учун юборишга ҳақли эканлиги кўрсатилган.

Мазкур бобнинг  4976-моддасида: Ҳукм чиқарган суд апелляция шикояти, протести берилганлиги тўғрисида маҳкумни, оқланган шахсни, уларнинг ҳимоячиларини, қонуний вакилини, жабрланувчини, унинг вакилини, шунингдек фуқаровий даъвогарни, фуқаровий жавобгарни, уларнинг вакилларини агар шикоят, протест уларнинг манфаатларига дахлдор бўлса, хабардор қилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларга шикоятнинг, протестнинг кўчирма нусхалари ёхуд ҳукм чиқарган суднинг интернет-ресурси орқали уларнинг электрон нусхалари билан танишиш мумкинлиги тўғрисида хабарнома юборилади. Бунда тарафларга шикоят, протест юзасидан ўз эътирозларини ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида бериш ҳуқуқи уларни тақдим этиш муддати кўрсатилган ҳолда тушунтирилади. Шикоят, протест устидан келиб тушган эътирозлар ишга қўшиб қўйилади.

Тарафлар апелляция шикоятига, протестига доир эътироз билан бирга алоҳида ҳолда янги материалларни тақдим этишга ёхуд уларни талаб қилиб олиш ва текшириш, шунингдек ўзлари кўрсатган жабрланувчиларни, гувоҳларни, экспертларни, мутахассисларни судга чақириш ва сўроқ қилиш ҳақида илтимоснома беришга ҳақли эканлиги кўрсатилган.

Мазкур бобнинг 4977, 4978-моддаларида: Апелляция шикояти ёки протести берилиши ҳукмнинг қонуний кучга киришини ва унинг ижро эттирилишини тўхтатиб туради.

Ҳукм устидан шикоят бериш ва протест билдириш учун белгиланган муддат тугагач, ҳукм чиқарган суд ушбу Кодекснинг 4976-моддасида назарда тутилган талабларни бажариб, ишни шикоятлар, протестлар ҳамда улар юзасидан билдирилган эътирозлар, шунингдек тақдим этилган қўшимча материаллар билан бирга ўн кундан кечиктирмай апелляция инстанцияси судига юборади.

Бу муддат алоҳида ҳолларда юқори суд раиси ёки унинг ўринбосари томонидан кўпи билан йигирма кунга узайтирилиши мумкин.

Апелляция шикояти ва протестида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) шикоят, протест йўлланаётган суднинг номи;

2) шикоят берган шахс, унинг процессуал мавқеи, яшаш жойи ёки туриш манзили тўғрисидаги маълумотлар;

3) ҳукмни чиқарган суднинг номи, ҳукм чиқарилган сана, шикоят берилаётган ва протест билдирилаётган ҳукм кимга нисбатан чиқарилган бўлса, шу шахс тўғрисидаги маълумотлар;

4) шикоят, протест берган шахснинг важлари, унинг фикрига кўра ҳукм ёки бошқа қарорнинг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги ҳамда илтимосининг моҳияти;

5) шикоят, протест берган шахс ўз талабларини асослаётган, шу жумладан биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далиллар;

6) янгидан тақдим этилаётган далиллар ва уларнинг биринчи инстанция судига тақдим этилмаганлиги сабаблари;

7) шикоятга, протестга илова қилинаётган материаллар рўйхати;

8) шикоят, протест берилган сана ҳамда шикоят, протест бераётган шахснинг имзоси.

Агар апелляция шикоятининг, протестининг мазмуни мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилган талабларга жавоб бермаса ва бу келгусида ишни мазмунан кўриб чиқишга тўсқинлик қилса, судья апелляция шикоятини, протестини уни берган шахсга қайтариш тўғрисида апелляция шикоятини ёки протестини қайта тузиш учун муддатни белгилаган ҳолда уч кунлик муддатда ажрим чиқаради.

Судьянинг апелляция шикоятини, протестини қайтариш тўғрисидаги ажрими талаблари бажарилмаган ва апелляция шикояти, протести белгиланган вақтда келиб тушмаган ҳолларда, у берилмаган деб ҳисобланади. Бундай ҳолда ҳукм қонуний кучга кирган деб ҳисобланади.

Мазкур бобнинг 4979, 49710-моддаларида: Апелляция шикояти (протести) берган шахс апелляция инстанцияси судининг мажлиси бошлангунига қадар уни ўзгартиришга ёки янги важлар билан тўлдиришга ҳақли.

Ҳукм устидан шикоят (протест) бериш муддати ўтганидан кейин берилган апелляция протестига, жабрланувчининг ёки унинг вакилининг апелляция шикоятига ўзгартириш ёки қўшимча киритишда маҳкумнинг аҳволини оғирлаштириш тўғрисида масала, агар бундай талаб дастлабки шикоятда, протестда мавжуд бўлмаса, қўйилиши мумкин эмас.

Ҳукм устидан шикоят қилиш муддати ўтганидан кейин ишга киришган ҳимоячи апелляция шикоятини ўзгартириши ёки уни янги важлар билан тўлдириши, илгари ишда иштирок этган ҳимоячи томонидан берилган шикоят важларига қўшимча асослар тақдим этиши мумкин.

Ҳукм устидан шикоят берган ёки протест билдирган шахс ўз шикоятини ёки протестини қайтариб олишга ҳақли. Юқори турувчи прокурор ҳам протестни қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

Маҳкумнинг ҳимоячиси, қонуний вакили ўз шикоятини фақат маҳкумнинг розилиги билан қайтариб олишга ҳақли.

Маҳкум ҳимоячи томонидан берилган шикоятни қайтариб олишга ҳақли.

Апелляция шикоятини ёки протестини қайтариб олишга апелляция инстанцияси суди маслаҳатхонага киргунига қадар йўл қўйилади.

Мазкур бобнинг 49711, 49712-моддаларида: Иш бўйича биринчи инстанция судининг ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда ушбу Кодекснинг 4972-моддасида назарда тутилган шахслар томонидан хусусий шикоят ёки хусусий протест берилиши мумкин.

Ҳукм чиқариш билан якунланган суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ажрим устидан шикоят берилган ёхуд протест билдирилган тақдирда, ҳукм устидан шикоят ва протест бериш учун белгиланган муддат тугагандан кейингина иш апелляция инстанцияси судига юборилади.

Суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ва далилларни текшириш тартибига, жиноят процесси иштирокчиларининг илтимосномаларига, эҳтиёт чорасини танлашга, уни ўзгартиришга ёки бекор қилишга, шунингдек суд мажлиси залида тартиб сақлашга тааллуқли ажримлар устидан ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда шикоят бериш ва протест билдириш мумкин эмас. Уларга қарши эътирозлар апелляция шикоятига ёки апелляция протестига киритилиши мумкин.

Ушбу иш бўйича тараф ҳисобланмаган шахслар ҳам суд ажрими устидан, агар ажрим уларнинг манфаатларига дахлдор бўлса, шикоят беришга ҳақлидир.

Биринчи инстанция суди жиноят иши апелляция инстанцияси судига юборилганлиги тўғрисида ушбу Кодекснинг 4972-моддасида кўрсатилган шахсларни хабардор қилади.


А.Иргашев - Жиноят ишлари бўйича

                             Фарғона туман судининг

                             Девонхона мудири                                                                          

 

 

Ж.Хайдаров - Жиноят ишлари бўйича

                             Фарғона туман судининг

                             судья ёрдамчиси