Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 106 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

“Коррупция – тараққиёт кушандаси”

×

 2022-05-19 10:06:50    101

PDF юклаш
Чоп этиш


 “Коррупция – тараққиёт кушандаси”

 

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.М.Мирзиёев
2020 йил 24 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида “Жамиятда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди” дея таъкидлади.

Шу ўринда мамлакатимизда жамият ривожига салбий таъсир этаётган, адолат ва қонунийликка рахна солаётган XXI аср дунё халқлари орасида энг катта хавф сифатида эътироф этилаётган “коррупция” аталмиш иллатга қарши жиддий кураш олиб борилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Коррупция – бу мансабдор шахснинг ўз мансаби бўйича берилган ҳуқуқларни шахсий бойиш мақсадларида бевосита суиистеъмол қилишдан иборат қилмишдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, одамлар хавфсизлигига таҳдид солади.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш ўзининг тарихий асосларига эга. Бу борада ташланган энг катта қадамлардан бири сифатида мамлакатимиз томонидан 2008 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясини, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган Коррупцияга қарши кураш бўйича Истамбул Ҳаракат режасини ратификация қилинганини келтириб ўтиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ҳамда ушбу турдаги жиноятларни содир этилишини олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция омилларини келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалий ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Жумладан, 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган.

Бундан ташқари, қонун билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 14 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида  “Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси” ташкил этилди.

Қўмитанинг ташкил этилиши коррупцияга қарши курашни қуйи ташкилотлардан энг олий ташкилотларгача кўтарилганини англатади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармони коррупцияга қарши кураш борасидаги фаолиятни тизимли равишда давом эттиришда самарали восита бўлиб хизмат қилди. Мазкур Фармон билан мамлакатимизда “2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури” тасдиқланди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сонли Фармони имзоланди.

Фармонга мувофиқ коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш мақсадида Коррупцияга қарши кураш агентлиги ташкил этилди.

Бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимини коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Суд-ҳуқуқ тизимини коррупциядан ҳоли ҳокимиятга айлантириш борасидаги муҳим ҳужжатлардан бири, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли ҳисобланади.

Ҳаракатлар стратегиясининг муҳим вазифаларидан бири сифатида суд-ҳуқуқ тизимида коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш тадбирларининг самарадорлигини ошириш ҳамда шу мақсадда электрон тартибда суд ва ижро ишини юритишнинг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш белгиланди.

Судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, судлов ишларини юргизиш сифати ва аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини ошириш, суд ходимлари томонидан сансалорлик, бюрократизм ва суиистеъмолчилик фактларига барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
30 августдаги “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3250-сонли қарори имзоланди.

Қарор суд тизимида ахборот коммуникация воситаларини кенг жорий этишдаги энг катта қадамлардан бири бўлди. Қарор билан судларга замонавий ахборот технологиялари жорий этилиб, ишларни судьялар ўртасида тақсимлаш, суд ҳужжатларини ижро этиш учун юбориш, судга мурожаат қилинганда давлат божи ва йиғимлари суммасини ҳисоблаш каби жараёнларда инсон омилини истисно этувчи дастурий таъминот тизимларини жорий назарда тутилди.

Шу билан бир қаторда очиқ суд мажлисларини фуқаролар реал вақт режимида эркин келиб кузата олиш, суд мажлисларини аудио ва видеода қайд этиш орқали адолат ва одилликни таъминлаш белгиланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5482-сонли Фармони қабул қилинди.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди веб-сайтида суд қарорларини тизимли равишда эълон қилиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш тартиблари белгиланиши, судларда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Юқорида таъкидлаб ўтилган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармони билан одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашиш фактлари бўйича судьяларнинг Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг Суд инспекциясига аноним тарзда мурожаат қилиш тартибини жорий этиш, коррупциянинг келиб чиқиш сабабларини тизимли ва чуқур таҳлил қилишни ва уларнинг олдини олишни таъминлаш чора-тадбирларини белгилаш давлат дастурига киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сонли Фармони судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб берди.

Фармонда судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш, судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш мақсадида, 2021 йил
1 февралдан бошлаб, илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб боришни йўлга қўйилди.

Юқорида кўрсатиб ўтилган Фармон ва қарорлар ижроси бугун судлар томонидан тўлиқ таъминланиб келинмоқда десак, муболаға бўлмайди.

Хусусан, барча биринчи инстанция судларида ишлар судьяларнинг иш ҳажми, юритувидаги ишларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимланиб келинмоқда.

Судлар томонидан иш юритишга қабул қилинган ва суд мажлисига тайинланган ишларнинг вақти ва жойи ҳамда ишнинг ҳолати ҳақида манфаатдор тарафларга онлайн тарзда маълумот олиш имконияти яратилиб, амалиётга татбиқ этилган.

Суд муҳокамалари тарафлар илтимосига кўра ёки суднинг ташаббуси билан аудио-видео қайд этиш мосламаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиниб, юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий келишмовчиликларнинг олди олиниши таъминланмоқда.

Суд мажлисларида фуқароларнинг масофадан туриб иштирок этиш имконини берувчи дастурий таъминот тизимлари жорий этилиб, узоқ масофада яшовчи ёки имконияти чекланган иш учун аҳамиятли маълумотларга эга бўлган шахсларни вақтини тежаш ва моддий тарафдан зарар етказмаслик мақсадида уларнинг суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этишлари таъминланмоқда.

Судья ва суд аппарати ходимларига пора бериш ҳолатлари юзасидан тезкор хабар бериш тартиби жорий этилиб, судья ва суд аппарати ходимига нисбатан пора таклиф этилиш ҳолатларига тезкорлик билан муносабат билдирилиб келинмоқда.

Судьяликка номзодларни танлаш ва тавсия этиш фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнлари Интернет тармоғи орқали онлайн тарзда ёритиб борилмоқда.

 

                        Ш.Р.Абдуллаев - Фуқаролик ишлари бўйича

 

                                                           Сўх туман суди раиси                                                                                   

 

                        Р.М.Моминжонов  - Суднинг девонхона мудири