Улуғ кунларда яна бир нафар фуқарога фуқаролик паспорти тақдим этилди
2022-05-03 14:25:27 145
Улуғ кунларда яна бир нафар фуқарога фуқаролик паспорти тақдим этилди
Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг замирида инсон қадрини улуғлашдек эзгу мақсад мужассамлиги барчани қувонтиради. Зотан, бу муқаддас заминда инсон қадрининг юксаклигига кундалик ҳаётимизда ҳар доим рўпара келмоқдамиз.
- Салкам 25 йилдирки, Сўх туманида яшайман. Собиқ Иттифоқ даврида қўшни Қирғизистондан келин бўлиб, Сўх туманининг Зангат маҳалласига тушганман. Шу кунгача “фуқаролиги йўқ шахс” мақомида эдим. Айни Рамазон ҳайити кунларида қўлимга “Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти” ни олишим менга чексиз бахт ва қувонч бағишлайди, - дея бизга юзландилар Зангат маҳалласида яшовчи фуқаро Шарипова Марҳаматхон Абдиевна.
Опахон бугун қувончдан ўз кўз ёшларини беркита олмайди. Бу қувонч кўз ёшлари, чунки бу кунни Марҳаматхон-опа салкам 25 йил кутиб яшадилар.
Туман ички ишлар бўлимида бўлиб ўтган тадбирда туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев опахонни ушбу унутилмас лаҳзалар ва таърихий кун билан қутлаб, корхона-ташкилот, маҳалла ва идоралар раҳбарлари ҳозирлигида фуқаролик паспортини тантанали тарзда топширди.
Давлатимизда Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган ҳаётий ислоҳотлар самараси ўлароқ, “инсон қадри учун” деган тамойил тобора ўзининг амалий тасдиғини топмоқда.
Маълумот учун: Сўх тумани ички ишлар бўлимининг паспорт столи мутасаддиларининг бизга берган маълумотларига кўра, Сўх туманида жами бўлиб 229 нафар “фуқаролиги йўқ” мақомидаги шахслар бўлиб, бугунги кунгача уларнинг 203 нафарига фуқаролик паспорти тақдим этилди. Йил охиригача қолган 26 нафар фуқароларга ҳам фуқаролик паспорти топширилади, - дейилади маълумотда.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати