Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 15 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш муаммолари

×

 2022-03-31 16:46:34    222

PDF юклаш
Чоп этиш


[ОКОЗ:

1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.01.00.00 Умумий қоидалар]

[ТСЗ:

1.Фуқаролик қонунчилиги. Тадбиркорлик / Умумий масалалар]

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш муаммолари


2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни либераллаштириш, иқтисодий муносабатларни тартибга солишда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк кафолатлари ҳимоясини кучайтириш, тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш ва хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш бўйича биринчи даражали мақсад ва вазифалар белгиланган.

Кодификация қилинган қонун ҳисобланадиган ва фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишнинг энг муҳим қоидаларини белгиловчи Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси фуқаролик қонунчилиги ҳужжатлари тизимида марказий ўринни эгаллайди.

1995-1996 йилларда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси “ўтиш даври”нинг кенг кўламли ўзгаришларини фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишда муҳим роль ўйнади ва мамлакатда бозор иқтисодиётини ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратишга имкон берди.

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил Фуқаролик кодексининг амалдаги таҳрири мамлакатда тез ривожланаётган иқтисодий муносабатлар талабларига ва фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги халқаро стандартларга етарли даражада жавоб бера олмаслигини кўрсатмоқда, хусусан:

биринчидан, Фуқаролик кодексида эскирган ҳуқуқий институтлар, шунингдек бозор иқтисодиётига асосланган ривожланган давлатлар ҳуқуқий тизимида мавжуд бўлмаган юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли сақланиб қолган;

иккинчидан, “тижорат таваккалчилиги”, “хўжалик юритувчи субъектлар тенглиги”, “адолатли компенсация”, “шартномавий мажбуриятларни бажаришдан бош тортиш” каби анъанавий фуқаролик-ҳуқуқий институтлар мавжуд эмас;

учинчидан, замонавий бозор шароитларида талаб этиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар ва муносабатларнинг алоҳида шакллари, шу жумладан, давлат-хусусий шериклиги, дилерлик шартномаси, улушли қурувчилик, кластер ишлаб чиқариш, электрон тижорат, крипто-валюта айланмаси, ер участкасини хусусийлаштириш ва бошқаларни тартибга солиш назарда тутилмаган;

тўртинчидан, Фуқаролик кодексида кўп миқдордаги ҳаволаки нормаларнинг (таҳлилимиз бўйича саксонга яқин нормалар) мавжудлиги кодекснинг тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжатга айланишига тўсқинлик қилмоқда ва унинг фуқаролик- ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш борасидаги мақомини пасайтирмоқда;

бешинчидан, бир-бирига ўхшаш ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий шакллардаги қоидалар аралашмасидан ташкил топган юридик шахслар ташкилий-ҳуқуқий шаклларининг кўплиги (масалан, қонунчиликда хусусий корхона ва унитар корхона таркибига бошқа иштирокчиларнинг кириши назарда тутилмаганлиги, уларнинг инвестиция жалб қила олмасликларига сабаб бўлади);

олтинчидан, Фуқаролик кодексида фуқаролик ҳуқуқи институтларига тааллуқли бўлмаган оммавий ҳуқуқ нормалари, хусусий мулк ва шартномавий муносабатларига оид асосланмаган миқдордаги чекловлар мавжуд;

еттинчидан, Фуқаролик кодексида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда ахборот-коммуникацион технологиялардан фойдаланиш масалаларини тартибга солувчи қоидалар деярли мавжуд эмас.

2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатилган мақсад ва вазифаларга эришиш, шунингдек фуқаролик қонунчилигини бозор иқтисодиёти ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш мақсадида, қуйидаги асосий йўналишларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси ишлаб чиқилди ва бунга асосан омиллар белгиланди:

I. Фуқаролик қонунчилиги нормаларини унификация қилиш ва тизимлаштириш:

1. Фуқаролик қонунчилигини унификация қилиш ва тизимлаштириш мақсадида уни инвентаризациядан ўтказиш, шунингдек халқаро стандартлар талабларига ва энг яхши хорижий амалиётларга мувофиқлаштириш.

2. Фуқаролик кодекси ва бошқа фуқаролик қонун ҳужжатларидаги атама ва тушунчаларнинг ҳуқуқий маъноларини уларни аниқ таърифлаш ва бир хилда қўллаш орқали такомиллаштириш.

3. Турлича шарҳланадиган ёки амалиётда қўлланилиши масаласида тушунтиришларни талаб қиладиган нормаларни чиқариб ташлаш ёки уларни такомиллаштириш.

4. Фуқаролик кодекси ва бошқа фуқаролик қонун ҳужжатларининг тўғридан-тўғри амал қилиши учун улардаги ҳаволаки нормаларни қисқартириш.

5. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга тўсқинлик қилувчи фуқаролик қонунчилигидаги ҳуқуқий бўшлиқлар ва коллизияларни бартараф этиш.

II. Асосий фуқаролик-ҳуқуқий институтларни такомиллаштириш:

1. Жамият ва халқаро стандартларнинг ахлоқий принцип ва маънавий меъёрлари (“ҳалоллик”, “адолат”, “оқиллик” ва бошқа принциплар)ни инобатга олган ҳолда фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг амалдаги принципларини такомиллаштириш ва янгиларини жорий қилиш.

2. Кодексга фуқаролик қонунчилигининг муҳим тушунча ва институтларини белгилаш борасидаги асосий ҳужжат мақомини бериш мақсадида мавжуд тушунча (атама)ларни қайта кўриб чиқиш ва янгиларини киритиш.

3. Фуқаролик ҳуқуқи ва фуқаролик мажбуриятларини виждонан ва муносиб амалга оширишни таъминлашга қаратилган чора ва воситаларни такомиллаштириш.

4. Маънавий, моддий зарар ва зиёнларни ҳисоблаш тартибини жорий этиш йўли билан фуқаролик қонунчилигининг компенсаторлик функциясини кучайтириш.

5. Юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини оптималлаштириш, бир-бирига ўхшаш, шунингдек бозор муносабатларида оммалашмаган ташкилий-ҳуқуқий шаклларни тугатиш.

6. Ишончноманинг мажбурий ёзма шакли ва унинг амал қилиш муддатини чеклаш ва бошқаларни қайта кўриб чиққан ҳолда халқаро стандартларга мувофиқлаштириш орқали вакиллик институтини такомиллаштириш.

7. Мулкдор ҳуқуқларини кенгайтириш йўли билан ашёвий ҳуқуқлар институтини кучайтириш.

8. Мажбурият ҳуқуқини такомиллаштириш, жумладан мажбуриятларнинг вужудга келиш асосларининг тўлиқ рўйхатини аниқлаш ва мажбуриятдаги шахсларнинг ўзгариши масалаларини тартибга солувчи нормаларни модернизация қилиш.

9. Фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик институтини такомиллаштириш, жумладан, зарарни қоплашнинг адолатли тартибини таъминлаш.

10. Суғурта, жумладан ўзаро суғурталаш (мулкни ва бошқа мулкий манфаатларни ўзаролик асосида суғурта қилиш) институтининг ривожланиши учун ихтиёрий бадаллар инвестициясидан доимий даромад олишни назарда тутувчи шарт-шароитларни яратиш.

11. Эр-хотиннинг биргаликдаги васиятномаси ва мерос шартномасига оид қоидаларни киритиш, мерос қолдирувчи ва меросхўр кредиторларининг ҳимоясини кучайтириш, меросни қабул қилиб олиш муддатларини белгилаш йўли билан мерос ҳуқуқини такомиллаштириш.

12. Халқаро хусусий ҳуқуқ нормаларини қайта кўриб чиқиш, шу жумладан турли мамлакатлар ҳуқуқларини муқобил қўллаш принципини мустаҳкамлаш, мажбурият мазмунини тартибга солувчи ҳуқуққа ҳавола сифатида қўшимча муқобил коллизион боғланишни кўллаш, коллизион тартибга солишни назарда тутган шартномадан ташқари мажбуриятлар доирасини аниқлаш имкониятини кўриб чиқиш.

III. Бозор иқтисодиётини янада ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини шакллантириш:

1. Мулк шаклларини белгилаш тартибини қайта кўриб чиқиш, ерга бўлган хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш механизмларини жорий этиш, шунингдек инсофли эгалловчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тартибини такомиллаштириш йўли билан хусусий мулк ҳимоясининг самарадорлигини ошириш.

2. Битимлар институтини такомиллаштириш, жумладан битимларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш ва нотариал тасдиқлашни, битимни ҳақиқий эмас деб топиш асослари ва ҳолатларини аниқлаштиришни назарда тутувчи нормаларни қайта кўриб чиқиш.

3. Шартномавий-ҳуқуқий муносабатларнинг сифат жиҳатдан янги механизмларини жорий қилиш, шу жумладан шартнома турларини оптималлаштириш, дастлабки шартнома институтини ривожлантириш, шартнома тузиш эркинлигини кенгайтириш, шартномавий муносабатларнинг барқарорлигини таъминлаш, шартномавий муносабатларда ахборот-коммуникацион технологиялардан фойдаланишни тартибга солиш.

4. Корпоратив муносабатларни фуқаролик кодексининг тартибга солиш предмети доирасига киритиш, жумладан, оммавий акциядорлик жамиятлари фаолиятининг ўзига хосликларини белгилаш, корпоратив ҳужжат кучига эга ва учинчи шахслар учун мажбурий бўлган «корпоратив шартнома»ни жорий қилиш, тенг акциялар пакети эгалари жамият фаолиятини издан чиқарганида корпоратив танглик вазиятидан чиқиб кетиш механизмларини белгилаш.

5. Кредитор ва қарздорлар ҳуқуқларининг ишончли кафолатларини таъминлаш, шу жумладан қайта ташкил этиладиган юридик шахслар кредиторлари ҳуқуқларининг реал кафолатлари рўйхатини ва улар амал қилишининг ҳуқуқий механизмларини белгилаш, мажбуриятларни бажариш институтини қайта кўриб чиқиш, шунингдек кредитор талабларини қаноатлантириш кетма-кетлигини аниқ белгилаш.

6. Ўзбекистон Республикасидаги хорижий тижорат ташкилотлари филиалларининг ҳуқуқий мақомини кучайтириш ва ҳуқуқларини кенгайтириш.

IV. Замонавий шароитларда талаб юқори бўлган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишнинг инновацион шакллари ва таомилларини жорий этиш:

1. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда ахборот-коммуникация технологияларни қўллашнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш, хусусан, крипто-активлар, шу жумладан майнинг айланмасини ривожлантириш, шахси кўрсатилмаган маълумотларнинг сезиларли массивларини («big data») йиғиш ва қайта ишлашни ҳуқуқий тартибга солиш, электрон тижоратдан фойдаланиш, электрон майдончалар орқали харидларни амалга ошириш бўйича имкониятларни кенгайтириш.

2. Исталган манфаатдор шахсларга иштирок этиш ҳуқуқи тақдим этилган ҳолда юридик шахслар фаолияти билан боғлиқ қарорлар бўйича жамоавий низолашиш тартибини такомиллаштириш. Юридик шахс директорининг фидуциар мажбуриятлари институтини киритиш.

3. Гаров муносабатлари ҳақидаги нормаларни ривожлантириш, жумладан таъминлаш чораларини расмийлаштириш тартибини соддалаштириш, ҳамкорликда гаровни олувчилар, гаров агенти, факультатив ва муқобил мажбуриятлар институтларини киритиш, йўл қўйиладиган мақбул таъминловчи активларнинг аниқ тоифасини мустаҳкамлаш.

4. Эркин иқтисодий зоналар ҳудудида ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа алоҳида ҳудудларида хорижий ҳуқуқнинг экстерриториал қўлланилиши тартибини киритиш.

5. Шахслар тасвири, уларнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари ва бошқа номоддий манфаатларининг ишончли фуқаролик-ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш.

Фуқаролик қонунчилигининг такомиллаштирилиши, жумладан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг янги таҳрирда ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши қуйидагиларга имкон беради:

иқтисодиётни янада либераллаштиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш;

иқтисодиётда давлатнинг иштирокини қисқартириш;

мулкдорлар ҳуқуқлари ҳимоясининг кучайтирилиши ва иқтисодиётда хусусий мулкнинг устувор ролини таъминлаш;

ишбилармонлик муҳитини ва инвестицион иқлимни яхшилаш ва бошқа вазифаларни ҳал қилади.


Б.Мамажонов - Жиноят ишлари бўйича

                                      Фарғона туман судининг судьяси