Ўзгалар мулкини талон-торож қилганлик учун жавобгарлик асослари
2022-03-31 16:39:49 781
Ўзгалар мулкини талон-торож қилганлик учун жавобгарлик асослари
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ, мамлакатимиз иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади.
Мулк дахлсиздир ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади, унга қилинган ҳар қандай тажовуз қонунга хилоф деб ҳисобланади.
Талон-торож қилиш ўзгалар мулкини ўз фойдаси, бошқа шахслар фойдасига қонунга хилоф тарзда ва бепул ўзига қаратиб олишдир.
Талон-торож қилиш тушунчаси босқинчилик, талончилик, ўғрилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик каби мулкка қарши жиноятлар гуруҳига тааллуқлидир.
Талон-торож қилишнинг объекти ўзгалар мулкидир.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг Х-бобида назарда тутилган “Ўзгалар мулкини талон-тарож қилишнинг” махсус объекти фуқаролик ҳуқуқининг мулк ҳуқуқи институти доирасига кирувчи шахснинг ўз мулкига эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва тасарруф этиши билан боғлиқ мулкий муносабатлар ҳисобланади, мулкий муносабатлар доирасига шунингдек, мол-мулкни қонунга мувофиқ қўлга киритиш ҳуқуқини ҳам киритиш лозим.
Талон-торож қилишнинг предмети бўлиб фақатгина инсон меҳнати синган ва маълум иқтисодий қийматга эга бўлган мол-мулк, нарсалар бўлиши мумкин.
Объектив томондан талон-торож ўзганинг мол-мулкини ўз фойдасига ёки бошқа шахслар фойдасига ғайриқонуний равишда, бепул тортиб олишда ифодаланади.
Қонунга хилофлик ҳар қандай талон-торожнинг зарурий белгиси ҳисобланади.
Қонунга хилофлик деганда, айбдор шахс томонидан бунга ҳеч қандай ҳуқуқи бўлмай туриб, ўзганинг мол-мулкини тортиб олиш тушунилади.
Талон тарожнинг мазкур белгиси нафақат қонун билан тақиқланган жиноят содир этишнинг усулини (объектив ҳуқуққа хилофликни), шу билан бирга айбдорнинг мазкур мол-мулкка нисбатан мулкий ҳуқуқларини (субъектив ҳуқуққа хилофлиликни) ҳам мавжуд эмаслигини англатади. Шахс мол-мулкка эгалик ҳуқуқига эга бўла туриб, белгиланган тартибни бузиб, талон – тарожнинг бирор бир усули асосида уни қўлга киритган ҳолларда ҳам талон-торожнинг таркиби мавжуд бўлмайди. Юқорида айтиб ўтилгандек, унинг ҳаракатлари бошқа жиноят– ўзбошимчалик (ЎзР ЖК 229-моддаси) деб ҳисобланиши мумкин.
Талон-тарожнинг иккинчи зарурий белгиси ҳақини тўламасдан (текинга олиш) олинганлиги.
Мулк, ашёнинг ҳақини тўламаслик (текинга олиш) талон-торож қилинган мол-мулк эвазига муайян эквивалент бермасдан ўзганинг мол-мулкининг тортиб олинишини билдиради.
Агар шахс талон-торож қилиш вақтида талон-торож қилинган мулк ўрнига талон-торож қилинган мулк қийматини, нархини тўлиқ қоплаган бўлса, жиноят таркиби мавжуд бўлмайди. Бу ҳаракатлар натижасида мулкий зарар етказилмайди.
Шуни назарда тутиш лозимки, шахсни ўзганинг мулкини талон-торож қилишда айбдор деб топиш учун, ушбу мулкни айбдор ўз фойдасига ёки бошқа шахслар фойдасига ўтганлиги ҳақида гувоҳлик берувчи муайян далилларни аниқлаш лозим бўлади. Шунинг учун моддий қимматликлар камомади фактининг ўзи, агар унинг сабаблари тергов ва суд томонидан аниқланмаган бўлса, шахсни талон-торож қилишда айблашга асос бўла олмайди.
Ўзганинг мулкини талон-торож қилишнинг тугалланган вақти талон-торож қилишнинг шаклига боғлиқ бўлади. Кўп ҳолларда талон-торож қилиш айбдор ўзганинг мулкини эгаллаган ва ушбу талон-торож қилинган мулкни ўзининг хоҳишича ҳақиқий тасарруф этиш (сотиш, алмаштириш, яшириш ва ҳоказо) имконияти пайдо бўлган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади. Шунинг учун, агар айбдор ўзганинг мол-мулкини қўлга киритган бўлса-ю, бироқ ҳали уни ўз мулки сифатида тасарруф этиш имкониятига эга бўлмаса, қилмиш талон-торож қилишга суиқасд тариқасида квалификация қилиниши лозим, бу ҳолатда босқинчилик ва товламачилик ҳоллари бундан мустасно.
Субъектив томондан талон-торож ғараз мақсадларда тўғри қасд билан содир этилади.
Жиноятнинг субъекти ўз ҳаракатларини ноқонунийлигини англайди, ўзгалар мулкини текинга қўлга киритишни ҳоҳлайди ва истайди. Бу ҳолатда жиноят содир этган шахснинг талон-тарож қилинаётган мулкни эгаси ҳақидаги нотўғри тасаввури квалификацияга таъсир қилмайди.
Ғаразгўйлик талон-торож қилишнинг зарурий белгиси ҳисобланиб, бу айбдорнинг ўзи учун ёки бошқа шахслар учун моддий манфаат ундиришга бўлган уруниши.
Бу ҳолатда беғаразгўйлик мақсадида масалан, ўзганинг мулкини келгусида қайтариб бериш мақсадида вақтинча фойдаланиш ёки фараз қилинган ҳуқуқлар доирасида ўзганинг мол-мулкини эгаллашга қаратилган ижтимоий хавфли қилмишлар ўғрилик ёки талончилик жинояти таркибини ташкил этмайди. Бундай ҳаракатлар иш ҳолатларига кўра ўзбошимчалик (ЖК 229-модда) ёки бошқа ЖКнинг Махсус қисм моддалари билан квалификация қилиниши мумкин.
Жиноятнинг субъекти ЖКнинг 17-моддасида белгиланган ёшга тўлган, ҳар қандай ақли расо шахс ҳисобланади. Жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган жиноят содир этишнинг ёши турли шаклдаги талон-тарож жиноятлари учун бир хил эмас.
Ўзбекистон Республикаси қонунларида талон-торож қандай усулда содир этилганига қараб унинг учун жавобгарлик дифференциация қилинган.
Жиноят кодексида талон-торожнинг қуйидаги шакллари назарда тутилиб, бунинг учун жавобгарлик асослари белгиланган:
1) босқинчилик (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси);
2) товламачилик (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси);
3) талончилик (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддаси);
4) ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси);
5) фирибгарлик (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси);
6) ўғирлик (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси).
Х.Холиқов - Жиноят ишлари бўйича
Фарғона туман судининг судьяси