Тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш-давр талаби
2022-03-31 16:33:55 133
Тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш-давр талаби
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган тизимли ва босқичма-босқич ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон 2015 йилда бизнес юритишни енгиллаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар бўйича дунёдаги етакчи ўнта давлат қаторидан жой олди. Бугунги кунда мамлакатимизда, фермер ва деҳқон хўжаликларини ҳисобга олмаганда, 230 мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти фаолият олиб бормоқда.
Бу ҳақда сўз борганда, хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида истиқлолнинг дастлабки йилларида республикамиз ялпи ички маҳсулотида тадбиркорлик ва хусусий бизнеснинг улуши 1 фоизга ҳам етмаган бўлса, ўтган 25 йил мобайнида ушбу кўрсаткич 56 фоиздан ошди.
Ҳозирги вақтда юртимизда иш билан банд аҳолининг салкам 80 фоизи айнан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида фаолият юритмоқда. Ҳар йили мамлакатимизда яратилаётган 1 миллионга яқин иш ўрнининг катта қисми айнан тадбиркорлик, хусусий бизнес ҳиссасига тўғри келаяпти. Мазкур далилларнинг ўзиёқ тадбиркорлик ва хусусий мулк мамлакатимиз ҳаётида том маънода ҳал қилувчи кучга, иқтисодиётимизнинг локомотивига айланганини яққол тасдиқлайди.
Ўз навбатида, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни янада юқори даражага кўтариш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда юртимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича объектив зарурат юзага келган эди.
2016 йил 5 октябрда, ўша вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 5 октябрда имзоланган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон шу нуқтаи назардан алоҳида аҳамият касб этди.
Фармон кенг жамоатчиликнинг барча қатламлари диққат-эътиборини ўзига тортди ва халқимиз томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Нега деганда, мазкур Фармон билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жуда кенг эркинлик берилмоқда, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашуви тубдан қисқартирилмоқда, тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинмоқда.
Шунингдек, бу ҳужжат тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш масаласини давлат органларининг биринчи даражали вазифаларидан этиб белгилангани билан алоҳида ажралиб туради. Айни шу жиҳати ҳам Фармоннинг илгари қабул қилинган шу тоифадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фарқланувчи ўзига хос жиҳати ҳисобланади.
Фармонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш, тадбиркорлик фаолиятида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик масалалари тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишлари сифатида аниқ белгилаб қўйилди. Ушбу мақсадларга эришишда давлат органларига, аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмаларга аниқ вазифалар юклатилди.
Шу ўринда мазкур Фармон талаблари мисолида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш масаласига нечоғлик аҳамият қаратилди, деган савол туғилиши табиий. Фикримизча, бу биринчи навбатда, фуқароларнинг тадбиркорликка эркин иштирок этиши учун мутлақ кафолатлар яратиш, тадбиркорликнинг давлат томонидан рағбатлантириб борилиши, тадбиркорлик фаолиятига давлат органларининг аралашувини максимал даражада қисқартириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилининг назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан сўзсиз амалга оширилиши каби жиҳатларда намоён бўлади.
Фармон билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик беришнинг ҳуқуқий кафолатлари ва уларни амалга оширишнинг аниқ механизмларини назарда тутувчи чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш тавсия этилди.
Мазкур институтга айнан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик берилишини таъминлашга қаратилган муҳим ваколатлар берилгани аҳамиятлидир. Бинобарин, хорижий давлатлар тажрибасида ҳам камдан-кам учрайдиган мазкур тузилма ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлардан мустақил бўлиб, унинг миллий парламент ҳузурида ташкил этилиши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.
Айни чоғда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик беришнинг муҳим кафолатлари сифатида 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинишини кўрсатиш ўринли бўлади.
Албатта, юридик шахслар тугатилаётганида, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар бундан мустасно.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик берилишининг муҳим кафолати сифатида Фармонда мутассади ташкилотларга банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, давлат органлари томонидан тижорат банклари фаолиятига, биринчи навбатда, кредит сиёсатига маъмурий аралашувларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик, мижозларнинг ўз пул маблағларини эркин тасарруф этиш ҳуқуқи тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлашга қаратилган асосланган таклифларнинг ишлаб чиқишга оид вазифалар юклатилганини кўрсатиш мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кейинги йилларда банк тизимини эркинлаштириш, ислоҳ қилиш ва унинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлашдаги ролини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан юқори баҳоланмоқда. Хусусан, дунёнинг 189 та мамлакати орасида «Кредитлар олиш индекси» бўйича Ўзбекистон 42-ўринни эгаллади.
Бу борадаги ислоҳотлар изчил такомиллаштирилиб, тадбиркорларнинг банк хизматларини кўрсатиш борасидаги имкониятлари янада кенгайтирилмоқда. Шу билан бирга, бугунги кунда банкларнинг ресурс базасини мустаҳкамлаш мақсадида, жумладан, тижорат банклари капиталига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, пировардида, банкларнинг бошқарув тизимини хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштириш тақозо этилмоқда.
Бундан ташқари тадбиркорларга кредитлар ажратиш механизмини янада соддалаштириш, шу жумладан, банкка бормасдан масофадан туриб электрон ариза орқали тижорат банкларига мурожаат қилиш ишларини кенгайтириш тақозо этилади.
Шунингдек, ахборот технологияларини қўллаган ҳолда, банк мижозларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида, мижозларни банкка келмасдан туриб, масофадан экспорт-импорт операциялари бўйича ўз ҳисоб-варақларидаги чет эл валютасида тўловларни амалга ошириши имкониятини яратиш ҳам давр талабига айланди.
Қолаверса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик берилишида мамлакатимиз экспорт салоҳияти ўсиши, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорда рақобатбардошлигини ошириш, маҳсулот экспорт қилувчи корхоналарнинг эҳтиёжларини қондириш каби масалаларга алоҳида эътибор бериш лозим бўлади.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифалари сифатида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик назарда тутилган.
Бинобарин, бошқа соҳаларда бўлгани каби иқтисодиёт соҳасида ҳам ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш муҳим амалий ва тарбиявий аҳамият касб этади. Зеро, тадбиркорлик фаолиятида қонунбузарликларнинг олди олинишини таъминлаш жамиятнинг иқтисодий негизини мустаҳкамлайди, бу соҳада соғлом муҳит яратади ҳамда қонунийликни таъминлашнинг муҳим кафолати саналади.
Тадбиркор ўз фаолиятида йўл қўйган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортилиши ёки унга нисбатан молиявий чораларнинг қўлланилишидан кўра, ушбу ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишидан манфаатдор бўлгани каби, давлат органлари ҳам бу каби ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслигидан манфаатдор бўлиши мазкур Фармоннинг муҳим жиҳатларидан биридир.
Шу нуқтаи назардан, Фармонда иқтисодиёт соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймасликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган ҳамда унинг аниқ механизмларини назарда тутувчи бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг амалга оширилиши мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан юқори даражага олиб чиқишга, энг муҳими, аҳоли фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.
Б.Мамажонов - Жиноят ишлари бўйича
Фарғона туман судининг судьяси